Тошкент шаҳрида олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситаларини тарғиб қилувчи нарко-графитиларни тарқатган 2 талаба ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, улар пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳудудида электр токнинг таянч устунларига “Россиядаги иш. Ҳафтасига 1000 доллар. Бизга Теlegram'дан ёз” кўринишидаги QR кодли ёзувларни ёпиштириб чиққан. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу ёзувларни Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасининг 2 нафар талабаси ёпиштиргани аниқланди. 2005 ва 2006 йилда туғилган ушбу шахслар тунги соат 23:30 да флаерларни ёпиштириб юрган вақтда қўлга олинган.
Йигитлар Теlegram ижтимоий тармоғидаги нотаниш шахс билан мулоқотга киришиб, флаер тарқатиш орқали ҳар бирига 2000 сўмдан пул ишлашга келишган. Юнусобод тумани ҳудудида улар томондан ёпиштириб чиқилган 80 дона флаер аниқланиб, йўқ қилинди.
Ушланган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 562- моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) асосида ҳужжатлар расмийлаштирилди. Уларнинг ҳар бири 15 суткага қамалди.
Маълумот учун, юқоридаги моддага мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 150 баравардан 200 бараваригача миқдорида жарима солишга ёки ҳуқуқбузарлик ашёларни мусодара қилиб, 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жавобгарлик қўлланганидан сўнг яна такрорланса, жиноий жавобгарлик белгиланган.