Ижтимоий тармоқларда Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар синов тарзида ишга туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу маълумотни тасдиқлади. Пойтахт маъмуриятининг маълум қилишича, биринчи босқичда йўлбўйи тўхташ жойлари учун 13−14 минг ўринга мўлжалланган 86 та пулли автотураргоҳ ишга туширилган.
Пулли автотураргоҳлардан бири Амир Темур хиёбони атрофида жойлашган бўлиб, махсус белги — тўқ сариқ фонда қора ранг билан катта “P” ҳарфи тасвирланган. Унинг нархи соатига 12 минг сўмни ташкил этади, тўламаганлик учун жарима кўзда тутилган.
Автотураргоҳ учун тўловларни Poytaxt Parking иловаси орқали онлайн ёки Paynet терминаллари орқали нақд пулда амалга ошириш мумкин. Мобил иловани ишлаб чиқиш билан пулли “парковка” ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган Streetpark Systems компанияси шуғулланган.