АсосийДунё

АҚШ ва Украина стратегик сармоя битими имзолади

Зеленский ҳужжатни Олий Радага юборди

'АҚШ ва Украина стратегик сармоя битими имзолади'ning rasmi

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ билан имзоланган янги стратегик битим ратификация учун Олий Рада муҳокамасига юборилганини маълум қилди.

Унга кўра, ҳужжат Украина иқтисодиётига сармоялар жалб этишга хизмат қилади ва бирор қарз мажбуриятини ўз ичига олмайди.

“Битим бор, имзоланган ва Олий Радага йўлланган. Бу ҳужжат устида иш давомида анча ўзгарди, энди у тенг ҳуқуқли ва Украинага фойда келтирадиган ҳужжатга айланди”, — дейди Зеленский видеомурожаатида.

Давлат раҳбари таъкидлашича, битимда қарзга оид бандлар мавжуд эмас. “АҚШ ва Украина бу шериклик орқали биргаликда даромад олади”, — дейди у.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент бу келишув Россияга очиқча сигнал бўлиб хизмат қилишини билдирди. “Бу битим украин ва америкалик халқлар ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқлигини кўрсатади. Гап фақат нодир металлар ҳақида эмас — инфратузилма ва энергетикани ҳам қамраб олади”, — деди у.

Унга кўра, ушбу ҳамкорлик икки давлатга ҳам фойда келтиради.

Битим доирасида 30 апрель куни Вашингтонда АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Украина биринчи витсе-премери, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Украина учун инвестиция фонди ташкил этиш ҳужжатини имзолади. Дастлаб бу келишув “ресурслар битими” ёки “нодир ер металлар битими” номи билан танилган эди.

Бу битим, айниқса, Украина урушдан кейинги тикланишни режалаштираётган бир даврда, хорижий капитални жалб қилишда муҳим қадам сифатида қаралмоқда.

    Бошқа янгиликлар