АсосийЖамият

Парламент сайлови партияларнинг ҳақиқий рақобат майдонига айланмоқда

Бу йилги парламент сайловлари илк маротаба янгиланган Конституцияга мувофиқ ўтказилади.

'Парламент сайлови партияларнинг ҳақиқий рақобат майдонига айланмоқда'ning rasmi

Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган бу йилги парламент сайловлари илк маротаба янгиланган Конституцияга мувофиқ, охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган стратегик ислоҳотлар самара бераётган, халқимиз сиёсий иродаси ва фаоллиги ошиб бораётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.

Таъкидлаш лозимки, конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти нечоғлик юксалиб бораётганини, аҳолининг мамлакатдаги ҳар бир сиёсий жараён ва ўзгаришларга фаол муносабат билдириб, аниқ ва асосланган таклифларни илгари суриб, мамлакат тақдирига дахлдорлигини намоён этаётганини кўрсатди.

Маълумки, Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эга бўлиб, кодекснинг 68-моддаси асосида сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида 4 ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши ва сайловда қатнашишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши лозим.

Бу галги сайловларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – аралаш сайлов тизими доирасида пропорционал сайловларга гувоҳ бўламиз, яъни сайловчилар партиялардан қўйилган номзодлар билан бирга бевосита партияларга ҳам овоз берадилар. Энди вакиллик органидаги депутатлик ўринларининг бир қисми депутатликка номзодларнинг партия рўйхатига мувофиқ сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади.

Жорий сайловларнинг сиёсий партиялар учун аҳамияти ҳар қачонгиданда долзарб ва масъулиятли бўлиб, уни қуйидаги муҳим жиҳатларда кўриш мумкин:

бу йилги сайловлар мамлакат ҳаётида сиёсий партиялар роли ҳамда фуқаролар сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан, уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларни кўзлаб иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади;

сайлов тизимидаги бу галги ўзгаришлар туфайли сиёсий партияларнинг масъулияти янада ортади, партиялар сайловолди дастурларини сайловчиларниишонтира оладиган долзарб масалалар асосида тузишади;

партиялар нафақат аҳоли орасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига оид аниқ ва амалий ташаббусларни илгари суради, балки уни белгиланган тартиб ва муддатларда ҳал қилишга, сайловчилар ва аҳоли учун мақбул ечимлар беришга ҳаракат қилишади;

партиялар аҳоли билан муносабатларда таъсирчан ва самарадор бўлишига интилади, боиси ўз дастурлари орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади. Бу эса жамиятимизда сиёсий плюрализм ривожланишига хизмат қилади;

партиялар ўртасида ҳар бир овоз учун кураш кечади, соғлом рақобат кўзга ташланади ва буни сайловчилар белгилаб беради;

сиёсий партиялар номзодларни мустақил танлайди, олдингидан фарқли ўлароқ бу йилги сайловларда кўрсатиладиган номзодларнинг камида қирқ фоизини аёллар ташкил этиши лозимлиги ҳам инобатга олинади;

партиялар ўз сўзига, овозига эга бўлиш учун курашади. Улар эндиликда сайловолди тарғиботларда янги методлар, методикаларга, алоҳида аҳоли қатламлари учун тааллуқли бўлган ташаббусларни илгари суришади.

Ўз навбатида жорий сайловлар сайловчилар учун ҳам масъулиятли бўлиб, қайси партия уларнинг умидларини оқлаши, ҳаёти ва турмушини яхшилаши мумкинлигини аниқлашлари, танлашлари лозим бўлади.

Зеро, бугунги сайловчилар кечаги сайловчилар эмас, кун сайин ислоҳотлар сайин аҳолимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ортиб бормоқда. Партиялар сайловда мана шундай соғлом рақобат муҳитида курашадилар.

Агар хорижий тажрибаларга эътибор қаратилса,дунёда ўтган асрнинг бошларидан пропорционал сайлов тизимига, яъни партияларга овоз беришга ўтила бошланган бўлиб, мазкур жараён турли йилларда ўзгаришларга учраб келган. Бугунги кунда ҳам дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан, Испания, Швеция, Финландия, Швейцария, Япония каби мамлакатлар мазкур тизимни энг самарали деб ҳисоблаб, узоқ вақтдан бери фойдаланиб келмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтадиган янги сайловларпарламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди ҳамда бунда сиёсий партияларнинг ролини, сиёсий жараёнлардагиаҳолининг кенг иштироки ва муносабатини оширишга хизмат қилади.

Худойберди Хакназаров, мустақил эксперт

    Бошқа янгиликлар