29 ноябрь куни Нью Дели шаҳрида 2015 йил якунларига кўра Осиёнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон U-20 ҳамда Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби аъзоси Достонбек Ҳамдамов йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси номинациясида ғолиб деб топилди, деб хабар беради ЎФФ расмий сайти. Эътиборлиси, мазкур номинацияда фақатгина Ўзбекистон вакиллари ғолиблик учун даъвогарлик қилишди. Аввалроқ хабар берилганидек, йилнинг энг яхши ёш футболчиси номига Достонбек Ҳамдамовдан ташқари, унинг Ўзбекистон ёшлар ҳамда Бунёдкор клубидаги жамоадошлари Элдор Шомуродов ҳамда Забиҳилло Ўринбоевлар даъвогарлик қилишган эди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур номинациядан ташқари Ўзбекистон яна икки номинацияда – “эркаклар ўртасида йилнинг энг яхши терма жамоаси” (Ўзбекистон U-20 терма жамоаси) ҳамда “Оммавий футболни ривожлантириш” (Ўзбекистон Футбол Федерацияси) номинациялари бўйича ғолиблик учун даъвогарлик қилишган эди. Бу номинацияларда ғолиблик Австралия терма жамоаси ҳамда Япония Футбол Уюшмасига насиб этди.





