АсосийJamiyat

«Ўзкимёсаноат» тизимида 10 ойда 1,8 триллион сўмлик товар ишлаб чиқарилди

Миллий матбуот марказида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг жорий йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Айни пайтда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти корхоналарида турли минерал ўғитлар, сунъий тола, полимер материаллар, ноорганик моддалар, энергетика, олтин қазиб олиш ва енгил саноат учун резина-техника буюмлари, кимёвий реагентлар, дефолиантлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўнлаб турдаги бундай маҳсулотлар ички бозордан ташқари хорижга экспорт қилинмоқда. 

Тармоқда сўнгги 5 йилда 20 дан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, ўттиздан ортиқ маҳсулот турлари ўзлаштирилди. 2014 йилда «Навоийазот», «Фарғонаазот», «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятлари томонидан ўн турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимида шу йилнинг ўн ойида 1 триллион 797 миллиард сўмликдан зиёд товар, 161 миллиард 400 миллион сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди. 1 миллион тоннадан ортиқ азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар тайёрланди. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар доирасида тармоқ корхоналарида 121,7 миллион долларлик сармоя ўзлаштирилди. 

Ўтган даврда ҳудудий «Қишлоқхўжаликкимё» акциядорлик жамиятларидаги техникалар ёрдамида қишлоқ хўжалиги корхоналарига 456 минг тонна компост, 387,7 минг тонна органик ва 525,3 минг тонна минерал ўғитлар етказиб берилди. 
 

    Бошқа янгиликлар