27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар мамлакатимиз Конституциясида Қонунчилик палатасига берилган ваколатларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини батафсил кўриб чиқдилар.
Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,0 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 7,3 фоизга ошди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Бунда макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилди.
Чуқур ўйланган, пухта пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилганлиги Давлат бюджети даромад қисмининг прогноз кўрсаткичларига нисбатан 100,2 фоизга ижро этилишини таъминлади, бу ЯИМга нисбатан 22,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг харажатлари ЯИМга нисбатан 22,3 фоизни ташкил этиб, бу Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этиш имконини берди.