Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси банк тизимининг ҳозирги ҳолати, тенденциялар, янги чақирувлар ва ечимлар мавзусида IV Тошкент халқаро банк форуми бошланди.
“SАIРRО” ахборот-рейтинг агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда тижорат банклари вакиллари, ўндан зиёд мамлакатдан банклар, аудиторлик ва молия ташкилотлари, халқаро рейтинг агентликлари экспертлари иштирок этмоқда.
Форумда кичик бизнес ва ҳуқуқий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда банкларнинг ўрни, банкларнинг капиталлашуви ва ликвидлигини ошириш, молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро меъёр ва андозаларга мувофиқ янада ривожлантириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. Банк-молия сектори вакилларига музокаралар ўтказиш, ҳамкорликни кенгайтириш имконини берувчи бизнес учрашувлар ташкил этилмоқда. Fitch Ratings рейтинг агентлиги ва Grant Thornton аудиторлик компанияси ўтказган давра суҳбатлари шулар сирасидандир.
Жорий йилда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business 2015” рейтингида Ўзбекистон 189 мамлакат орасида 87-ўринни, тижорат банкларининг кредит ажратиш қулайлиги банди бўйича 42-ўринни эгаллагани бунинг тасдиғидир. Бу хорижий инвесторларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини янада ошишида ва инвестиция оқимининг кўпайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.





