АсосийShou-biznes

Фақат жонли ижрода ўтказиладиган концерт олдидан жонли репортаж

Даракчи.uz сайти энди ҳар бир санъаткорнинг концерт дастурлари ва клип олиш жараёнидан фоторепортажлар тайёрлаб, сиз азиз мухлислар ҳукмига ҳавола қилиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Ишни мухлислар кўнглидан “Кўйлаклари билан чўмилган қизлар”, “Лолақизғалдоқ”, “Гулижон”, “Йиғламанг” каби қатор қўшиқлари билан жой олган хонанда Шуҳрат Дарёнинг концерт дастурига тайёргарлик жараёнини ёритишдан бошладик.

Концерт дастури “Бахт кулиб” деб номланган бўлиб, у “Туркистон” санъат саройида 12-13 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Биз тайёргарлик жараёнининг айни кулминацион нуқтасида кириб бордик. Дастурнинг 100 фоиз жонли ижрода ўтиши фақатгина хонанданинг ўзига боғлиқ эмас, бу жараёнда созандалар ҳам ҳудди санъаткордек масъулиятда эканликлари тайёргарлик жараёнида сезилиб турди.

Ҳаммадан ҳам Шуҳрат Дарёнинг кайфияти аълодек назаримизда.

Бир қўшиққа қайта-қайта қайтилиб, тайёргарлик кўришнинг ўзи бўлмас экан. Бир неча дақиқа ичида беш бор “Лолақизғалдоқ” қўшиғининг бошланиш қисмига қайтилди. Ишга масъулият кайфиятни туширмаяпти, аксинча янада куч беряпти.

Дастурдан етти ёшдан етмиш ёшгача барча мухлислар қўшилиб айтадиган ретро қўшиқлар ҳам ўрин олган.

Шу ўринда концерт дастури ҳақида қисқача.

Дастур уч блокдан иборат бўлиб, унда жами 24 та қўшиқ куйланади. “Сабо” рақс ансамбли ўзининг ажойиб рақслари билан дастурга янада файз улашиш учун шай туришибди. Дастурда қизиқчилар ёки бошловчилар бўлмайди. Дастур меҳмони эса Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо бўлади. Чипта нархлари 15 мингдан 55 минг сўмгача қилиб белгиланган.

Созандалар билан танишинг

Скрипка чолғусида Мансур Аҳмедов, Бузукида Маъмур Зилолов, Бас гитарада Сурат Қосимов, Гитарада Комрон Холматов ҳамда Сардор Абдусаломов, Перкуссияда Шуҳрат Турдиев, Ударникда Ҳалим Жўраевлар бўлишади.

Бугунги кунда санъаткорларимиз орасида жонли концерт дастури бераман дея белни маҳкам боғлаётганлар сафи кенгаётгани қувонарли ҳолдир. Шуҳрат Дарёдан нима сабабдан дастурни “Истиқлол” санъат саройида бермадинггиз деган саволимизга “Ҳали ҳаммасига улгурамиз. Бу аслида катта бир тайёргарлик, бу тайёргарликдан сўнг албатта, “Истиқлол” санъат саройида ҳам концерт дастуримизни тақдим этишни олдимизга мақсад қилганмиз” — деб жавоб берди.

Концерт бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди Шуҳрат Дарё ҳамда созандаларга концерт дастури файзли ўтишини тилаб қоламиз.

    Бошқа янгиликлар