Пойтахтимизда 24-29 ноябрь кунлари Италия мода палатаси ва “Осиё рамзи” дизайнерлар ассоцияцияси томонидан ташкил этилган Тошкент мода ҳафталиги бўлиб ўтади.
Ҳафталик тадбирларида ўзбекистонлик ёш дизайнерлар дефилеси, ўзбекистонлик ва чет эллик дизайнерларнинг муаллифлик намойишлари, “Миллий либослар” фестивали, турли маҳорат дарслари ва семинар-тренинг машғулотлари ҳамда фестиваль ёпилиш маросимида концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳафталик намойишлари “Ёшлар маданият ва санъат саройи” кўргазмалар залида, маҳорат дарслари эса Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона конференц залларида бўлиб ўтади.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Тошкент мода ҳафталигида италиялик машҳур дизайнерлар, хусусан Италия мода Палатаси Президенти Марио Бозелли иштирок этади.
Мода ҳафталиги доирасида шунингдек барча вилоятлардан сартарошлар, косметологлар, нейл-дизайнерларни бирлаштирувчи стилист ва визажистлар танлови ҳам ўтказилади.





