Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказилган Ёшлар ҳафталиги якунланди.
Ҳафталик доирасида санъат ва маданият намояндалари, илм-фан арбоблари, кино ва мода йўналишида ижод қилаётган хорижий экспертлар иштирок этган 7 йўналишдаги 10 дан ортиқ тадбир эртамиз эгаларига бир умр эсда қоларли таассуротларни туҳфа этди.
Турли кўргазмалар, фестиваллар, интерфаол маҳорат дарсларида ёшлар кино, мода ва дизайн, театр, туризм, экология каби соҳаларни янада ривожлантиришга доир билим ва салоҳиятини намоён қилди. “Қувноқлар ва зукколар”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловлари иштирокчиларни қизғин баҳс-мунозараларга чорлади. “XXI аср – интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий анжуман ёш авлоднинг маърифий-маданий савиясини ошириш, ўз соҳаси бўйича тажриба тўплаш имконини яратди, дея хабар беради ЎзА.
Ёшлар ижод саройида ҳафталик якунига бағишлаб ўтказилган тадбир доирасида ёшларнинг Ватанимизга бўлган қайноқ меҳр-муҳаббати, эртанги кунга бўлган ишончи, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада тараққий эттириш билан боғлиқ ғоялари тасвирланган фото, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик асарлари, миллий ҳунармандлик буюмлари, пазандалик намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилди.





