АсосийJamiyat

Каттақўрғонликлардан мурожаат: “Кимга айтиб, кимга йиғлай?”

Айни шу сарлавҳа остида сиз суратда кўриб турганингиз каби карикатура билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани, Гирдиқўрғон ҚФЙ, Чўянчи МФЙ, Чўянчи қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар номидан Э.Юсупов қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё дарёси устида қурилган кўприк бир неча йилдан буён авария ҳолатида эканлиги, ушбу кўприкни таъмирлашга амалий ёрдам бериш ҳақида таҳририятга мурожаат қилган. Ушбу мурожаатдаги ҳолат юзасидан  фуқаролар маҳаллий давлат бошқаруви органларига ҳам мурожаат қилгани, аммо бу муаммо юзасидан жўяли ечим бўлмаётганини ҳам қайд этишган. Ана шу боис биз ушбу мурожаатни прокуратура билан ҳамкорликда ўрганишга ҳаракат қилдик.

Самарқанд вилоят прокурори биринчи ўринбосари О.Азимов имзоси билан олинган жавоб эса қуйидагича:

—Мазкур ариза Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан жойига бориб ўрганилган.

Аризада кўрсатилган кўприк 1973 йилда Каттақўрғон тумани, собиқ Пахтакор жамоа хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экин майдонларини ўзлаштириш мақсадида қурилган. Ушбу кўприк махсус лойиҳа асосида қурилмаганлиги ва фойдаланиш муддатини деярли ўтиб бўлганлиги сабабли, 2013 йилда яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Мутахассислар жалб қилиниб кўприкни таъмирлаш учун кетадиган capф-харажатлар ўрганилганда, тахминан 1 млрд. 500 млн. сўм маблағ зарурлиги аниқланган.

Вилоят прокуратураси томонидан ариза муаллифи Э.Юсупов билан суҳбатлашилди ва унга аризасида кўрсатилган яроқсиз кўприкни таъмирлаш учун Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрлангандан сўнг, маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши масаласи кўриб чиқилиши, шундан сўнг қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланиши тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, тақдим этилган маълумотда аризада кўрсатилган кўприк таъмирлангунга қадар ҳудудда мавжуд умумий фойдаланиладиган автомобиль йўли, пиёдалар ўтиш учун мўлжалланган кўприкдан фойдаланиб туриш мумкинлиги қайд этилган.

*Изоҳ: мурожаатлар ва уларга тақдим этилган жавоблар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.

P.S: Азиз муштарийлар! Ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар эътибордан четда қолишини истамасангиз, яшаш манзилингиз, исм-фамилиянгизни тўлиқ ёзиб, шахсий имзонгиз билан бизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 53-уй. Алоқа индекси: 100060.

Шунингдек, душанбадан жумага қадар соат 10.00 дан 16.00 гача (+99895) 194-64-16 рақамларига қўнғироқ қилиб саволлар йўллашингиз мумкин.

    Бошқа янгиликлар