Карантин пайти, автотранспортларни бошқариш чекланган бир пайтда Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани “Суғот” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-53 “Бўронхўжа-Иштихон” автомобиль йўлининг 47 километрида яна бир йўл автотранспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Хабарда келтирилишича воқеа 2020 йил 13 апрель куни соат 20:00 да юз берган. Хусусан 34-ёшли Б.Р., бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинаси йўлнинг ўнг қисмидан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган велосипедни уриб юборган. Натижада велосипед бошқарувчиси 33 ёшли Д.Э., тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ, 14 апрель куни фуқаро Д.Э., ЙТҲ натижасида олган тан жароҳатлари туфайли туман шифохонасида вафот этган.
Шу сабабли жиноят иши ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига қайта малакаланган.
ЙТҲ содир этган шахсни қонун доирасида жавобгарликка тортиш мумкиндир, лекин вафот этган инсонни энди ҳаётга қайтариш мумкин эмас... Шуни назарда тутиб ИИВ фуқароларни огоҳлантиради:
"Ҳурматли фуқаролар! Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан карантин вақтида барча шахсий транспорт восита (стикер махсус рухсатнома берилган ва тегишли рўйхатга киритилган автомобиллар бундан мустасно) ларидан фойдаланиш қатъиян ман этилган.
Охирги вақтларда велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлиши кўпайиб бормоқда. Шу сабабдан аввалам бор кўчага чиқишдан тийилинг, ҳаёт учун зарур бўлган ҳоллардан, ташқарига чиқишдан аввал транспорт воситангиз соз, велосипедингиз эса махсус нур қайтарувчи чироқлар билан жиҳозланганлигига эътибор беринг. Ўз ҳаётингизга бефарқ бўлманг!" – дейилади мурожаатда.