Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоселектор йиғилиши тасвири Ўзбекистонда давлат идораларидаги ахлоқий меъёрлар муҳокамасини яна кун тартибига олиб чиқди. Унда Самарқанд вилоятидаги мансабдор шахс ўз тиззасида ўтирган аёл ходимани қучоқлаб олган ҳолат акс этган.
Бу ҳолатга нисбатан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Матбуот хизмати расмий изоҳ берди. Вазирликка кўра, ҳолат ўрганилган ва унда иштирок этган шахслар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Маълумотларга кўра, видеодаги шахс 2023 йил декабридан буён Каттақўрғон туманидаги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Бу вазият Ўзбекистонда давлат хизматчилари томонидан йўл қўйилаётган ахлоқий ва касбий қоидабузарликларга нисбатан назорат қандай олиб борилаётгани масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида ҳам Андижон шаҳрида шу йўналишдаги туман бўлими раҳбари ва унинг ўринбосари иш жойида наркотик модда истеъмол қилгани учун ишдан бўшатилган эди.