Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидагитуманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика инспекторлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Бухоро вилоятининг Когон туманидаги “Тараққиёт” маҳалласи биносида ўтказилган ўқув машғулоти ҳам кўпчиликда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз. Ноанъанавий тарзда ўтказилган мазкур машғулот ҳам амалий, ҳам назарий бўлиб, профилактика инспекторлари маҳалла аҳолиси билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш борасида ҳамкорликда ўтказиладиган профилактик тадбирларда қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши тушунтирилди. Бу ўз навбатида профилактика инспекторларининг касбий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
“Тараққиёт” маҳалласида 1896 нафар аҳоли истиқомат қиляпти. Ҳудуд аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш мақсадида савдо дўконлари, нонвойхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Профилактика инспектори, майор Сухроб Қобиловнинг маҳалла аҳли билан ҳамжиҳатликда олиб бораётган ишларининг самараси ўлароқ, мазкур ҳудудда ўтган йил давомида бирорта жиноят содир этилмади.
Ўқув йиғинида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
– Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, халқчил тузилмага айлантириш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни амалда қарор топтириш соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш билан узвий боғлиқ, – дейдиБухоро вилояти Жондор тумани ИИБ ҲПБ таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Олимжон Азимов.–Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳа фаолиятига оид тажрибалар билан яқиндан танишяпмиз. Эндиликдаги асосий вазифамиз олган билимларимизни кундалик фаолиятимизга тадбиқ этиш ҳисобланади.
Ўқув йиғинига жалб қилинган ходимларга ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда.
Жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда. Хусусан, Когон туманидаги 18-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида ўтказилган учрашувда “Ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш – долзарб вазифа” ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб ўқувчилари билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир бизлар учун катта сабоқ бўлди, – деди Когон тумани 18-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадяҳё Ниёзов – Тадбирда юртимизда биз ёшларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликни қадрига етишимиз, ушбу бебаҳо неъматни сақлашда нима ишлар қилишимиз лозимлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, “Ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – давр талаби” мавзусида ўтказилган викторина биз ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, унда берилган саволлар қизиқарли бўлди. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилишини хоҳлар эдик, негаки улар орқали биз ҳуқуқий билимларимизни ҳам оширдик. Мазкур тадбирни ташкил этган Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдириб қоламиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади.
Айниқса, ўтказилган мазкур тадбирлар мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, “Ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – давр талаби” мавзусида ўтказилган викторина катта таассурот қолдирди.
Ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, фаол иштирок этган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар доирасини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган эътиборга муҳтож фуқаролар ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш анъанага айланиб бормоқда.
– Уйимда келиним билан ўтирганимизда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари келишди, –дейди Когон тумани “Дехмирзаён” қишлоғида яшовчи, 1965 йилда туғилган Моҳира Мелиқўзиева – раҳматли турмуш ўртоғим билан 3 нафар фарзандни вояга етказдик, оқ ювиб, оқ тараб, халққа хизмат қиладиган инсон қилиб тарбияладик, ўтган йили турмуш ўртоғимдан айрилиб қолдим, катта ўғлимни уйлантирганман, қизимни турмушга узатганман, кенжа ўғлим қолди. Бугунги кунда катта ўғлим киракашлик қилиб, оиламизнинг рўзғорини тебратиб турибди, лекин турмуш-ғор деганларидек, қийналиб қолганимизда маҳалладошларим, қариндошларим, қўни-қўшниларим, маҳалла раиси ва профилактика инспектори қарашмоқда, уйимга менинг оиламдан хабар олиш учун келган ички ишлар органлари ходимларига, Ички ишлар вазири ва Малака ошириш институтининг раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Бундан ташқари, ўқув йиғинида “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг Бухоро вилояти бўлими ходимлари ҳам одам савдосининг олдини олиш, одам савдоси жиноятининг оқибатлари, ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан профилактика инспекторлари билан фикр алмашишди. Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётгшан амалий ишлар ҳақида ҳам маълумотлар келтириб ўтилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда эътиборга муҳтож фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






