12 февраль куни пойтахтдаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» биринчи халқаро форумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда, шунингдек, Транспорт вазири Элёр Ғаниев, “Uzbekistan Airports” АЖ раиси Равшан Исмаилов, Фуқаро авиацияси агентлиги директори в.б. Толиб Ўлжаев ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда 19-20 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуасида ўтказилиши режалаштирилаётган «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) халқаро авиация форуми ҳақида сўз борди.
I Халқаро авиация форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда БААнинг «Fair Exhibition Organizers» компанияси томонидан ўтказилади.
Маълумот учун: «Fair Exhibition Organizers» (FEO) AL ZAROUNI компаниялар гуруҳининг бир қисми бўлиб, унга 1999 йилда асос солинган. Ҳозирги кунга қадар 150дан ортиқ халқаро кўргазма FEO томонидан ташкил этган. Дунё бўйича 15дан ортиқ идорасига эга. UAALF 2020 халқаро форумида Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлардан 60 дан зиёд экспонент, 300 делегат ва 1200 мутахассис, жумладан хорижий давлатларнинг транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи халқаро ва хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ва транспорт соҳасидаги компанияларнинг юқори лавозимли расмийлари иштироки кутилмоқда.
Икки кунлик тадбирга дунёнинг 130 га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, “Boing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Luftansa Consulting” (Германия), “EGIS” (Франция), “ATR” (Испания), “Kuwait Airways” (Кувайт), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Gulf Air” (Бахрайн), “Korean Air” ва “Asiana Airlines” (Жанубий Корея), “Azerbaijan Airlines” (Озарбойжон), “Aeroflot” ва “IrAero” (Россия), “Al Masriya” (Миср), “Zagros Airlines” (Эрон), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines” (Туркия), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Air Astana” (Қозоғистон) ва бошқалар.






