2020 йилнинг 10 февраль куни таҳминан соат 07:30 ларда Бухорода автоҳалокат содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Бу ЙТҲ ҳайдовчи – 24 ёшли А.Р. бошқарувидаги “Nexia-2” русумли автомашинасида “Хоразм-Бухоро” А-380 автомобиль йўли бўйлаб Ромитан туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтда, бошқарувни йўқотиши оқибатида келиб чиқди.
Бу ҳолатда авомашина йўлнинг чеккасига чиқиб кетган ва бир неча марта думалаши натижасида йўловчилардан 49 ёшли У.М. ва 42 ёшли Д.А. ҳодиса жойида вафот этган. Рулни бошқарган ҳайдовчи ва 36 ёшли учинчи йўловчи Х.Ю. эса шифохонага олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради. Фуқароларни йўлларда автоуловда ҳаракатланаётганда эътиборли бўлишга, тунги пайтда йўлда тўхтаб ухлаб олишга чақиради.






