АсосийJamiyat

Самарқандда ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушишига сабаб бўлган ўқитувчи қандай йўл тутди?

'Самарқандда ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушишига сабаб бўлган ўқитувчи қандай йўл тутди?'ning rasmi

Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимининг ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўқитувчининг эҳтиётсизлиги сабабли ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушди” номли мақолага муносабати эълон қилинди.

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 4 февраль куни “Ўқитувчининг эҳтиётсизлиги сабабли ўқувчининг икки тирноғи узилиб тушди” номли мақола эълон қилиниб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, ҳодиса жорий йилнинг 21 январь куни содир бўлган. Ҳақиқатдан ҳам, шу куни 16-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси, айни пайтда мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 8-“Г” синфда дарс машғулоти ўтаётган пайтда ўқувчилар Далер Шумелин ва Элдор Рашидовлар ўзаро тортишиб туради. Камолиддин Усанов уларни тинчлантириш ва танбеҳ бериш мақсадида Элдор Рашидовни синфхонадан ташқарига чиқаради. Уларнинг ортидан Далер Шумелин ҳам эргашиб, синфхонадан чиқмоқчи бўлганда ўқитувчи Камолиддин Усанов Далердан чиқмасликни талаб қилиб, жаҳл устида эшикни қаттиқ ёпади. Афсуски, эшикдан қўлини олиб улгурмаган ўқувчи Далер Шумелиннинг ўнг қўл ўрта ва номсиз бармоқлари қаттиқ шикастланади.

Шу пайтнинг ўзида ўқитувчи Камолиддин Усанов ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Азиз Бекмуродов Далер Шумелинни шифохонага олиб борган ва онасига хабар берган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан мактаб раҳбарияти 21 январь ва ундан кейинги кунлар давомида шаҳар халқ таълими бўлимига ҳам, ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам хабар бермаган.

Камолиддин Усанов ўқувчи Далер Шумелиннинг олган жароҳатларини даволаш харажатлари ва унинг яқинлари кўрган зарарни қоплашга ваъда берган. Уч-тўрт кун давомида харажатларни тўлаб, ўқувчининг уйига озиқ-овқат маҳсулотларини олиб бориб турган. Аммо кейинчалик оилавий аҳволи туфайли ёрдам бера олмаган.

Бўлиб ўтган ҳодисалардан шаҳар халқ таълими бўлими хабар топгач, ушбу ҳолат юзасидан 16-умумтаълим мактабида ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини олиб борди. Мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари билан суҳбат ўтказилиб воқеага тўлиқ ойдинлик киритилди. Далер Шумелиннинг онаси билан суҳбатлашиб, унга моддий ёрдам ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Камолиддин Усанов ундан кейинги харажатларни ҳам тўлашни зиммасига олди. Ўқувчининг шифокор назоратидан ўтиши учун уни шифохонага олиб бориб келиш учун масъул тайинланди.

Бугунги кунда Далер Шумелиннинг жароҳатлари битмоқда. У “Доктор Аралов медикал” масъулияти чекланган жамиятига қарашли хусусий клиникаси шифокори Алишер Лутфуллаевнинг доимий назоратида.

Ўқувчи билан муносабатларда эҳтиётсизликка йўл қўйган Камолиддин Усановга нисбатан шаҳар халқ таълими бўлими мудирининг 2020 йил 5 февралдаги 29-К-сонли буйруғи билан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасига мувофиқ, “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ўқитувчилар орасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

 

    Бошқа янгиликлар