Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) автомобилда йўловчилар ва юкларни шаҳар ичида, атрофида, шаҳарлараро, халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия олиш тартибини соддалаштириш имконини берадиган янги хизмат ишга тушди, дея ёзди ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази маълумотига кўра, энди автомобиль ҳайдовчилари йўловчи ва юк ташишга лицензия олиш учун ЯИДХПга ариза топшириб, зарур бандларни электрон шаклда тўлдириши ва аризаси тасдиқланишини кутиши кифоя.
Таъкидлаш жоизки, ушбу хизмат кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида йиғим – 223 минг сўм ундирилади. Лицензия картасини бериш учун ҳам давлат божи ундирилиб, унинг миқдори автомобиль ҳажмига қараб белгиланади. Бунда қарор қабул қилингани тўғрисидаги хабарнома ёзма ёки электрон шаклда бир иш куни ичида юборилади. Лицензия чекланмаган амал қилиш муддатига тақдим этилади.
Бу янгилик автомобилда юк ташувчиларга вақт ва маблағини тежаш ҳамда лицензия олиш жараёнининг янада шаффофлигини таъминлаш имконини беради.






