АсосийDunyo

Қозоғистондаги оммавий муштлашувлардан сўнг мансабдорлар ишдан олинди

'Қозоғистондаги оммавий муштлашувлардан сўнг мансабдорлар ишдан олинди'ning rasmi

7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманининг Масанчи қишлоғида аҳоли ўртасида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтгани ҳақида аввал  ҳам хабар қилгандик. Маълумотларга кўра мазкур ҳолатга эътиборсизлик билан қараган мансабдорлар ўз вазифасидан олиб ташланган.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ушбу фожиага йўл қўйган давлат органлари ходимлари албатта жазоланишини таъкидлаган эди. “Спутник” агентлигининг хабар беришича, ўз вазифасидан бўшатилган мансабдор шахсларнинг номи маълум қилинди. 

Хусусан, Тоқаев Жамбил вилояти ҳокими Асқар Мирзахметовга вилоятнинг ижтимоий масалалар бўйича ҳоким ўринбосари Сулушаш Қурманбеков ва Кордай тумани ҳокими Бўлатбек Батолени йўл қўйган жиддий хатолари учун вазифасидан озод этишни буюрган.

Президент, шунингдек, Қозоғистон ички ишлар вазири Эрлан Турғумбоевга Жамбил вилояти полиция департаменти ва Кордай тумани полция бўлими бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берган.

Бундан аввалроқ мамлакат ички ишлар вазири ўринбосари Алексей Калайчиди оммавий муштлашувга йўлдаги можаро сабаб бўлгани айтган эди. Шунингдек, у вазиятнинг кескинлашувига воқеанинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиши ҳам сабаб бўлганини таъкидлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Кордайдаги оммавий муштлашув оқибатида ўн киши ҳалок бўлган. Тартибсизликларда жами мингга яқин киши қатнашган, 47 нафари ҳибсга олинган, 44 киши қўйиб юборилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар