Маълумки, Жиноят кодексининг асосий вазифаларидан бири – фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Афсуски, айрим фуқаролар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинмасдан, Жиноят кодекси билан тақиқланган пора бериш жиноятини содир этиш каби жиддий қонун бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 23 нафар шахслар ички ишлар органларига пора бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланиб, улардан жами 18 млн. 940 минг сўм ва 10 минг 400 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли қисмлари билан жами 16 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Таҳлилларга кўра, 16 та ҳолатнинг 11 тасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома тузмаслик ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирмаслик ёки жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига, 5 тасида содир этилган жиноятни ижобий ҳал қилиш, терговда енгиллик қилиб бериш эвазига пора берилган.
Ушбу даврда қайд этилган пора бериш жиноятларининг 4 таси Наманган, Қашқадарё ва Жиззахдан 3 та, 2 таси Навоий, 1 тадан Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобига тўғри келади.
Мисол учун, фуқаро Т.Тошматов (исми, фамилияси ўзгартирилган) жарима майдончасида турган автомашинани чиқариб бериш ва автомашинани ҳужжатсиз бошқарганлиги учун тегишли тартибда расмийлаштирилган маъмурий баённома юзасидан чора кўрмаслик эвазига жорий йилнинг 18 январь куни Косон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимига 100 АҚШ доллари ва 900 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ёки фуқаро С.Обидов ва унинг 3 нафар шериклари (исми, фамилияси ўзгартирилган) 120 литр дизель ёқилғисини ўғирлаб, 480 минг сўмга бошқа шахсга сотган вақтда ушланганлиги учун ўғирлик ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига жорий йилнинг 15 январь куни Транспортдаги ИИБ Нукус шаҳар бўлими бошлиғига унинг хизмат хонасида 10 млн. сўм пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Ҳозирда пора берганлиги учун ушланган барча шахслар тергов олдида жавоб бермоқда.
Юқоридагиларга кўра, Бош прокуратура барча фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилишларига чақириб:
– Жиноят кодексида фақатгина пора олган мансабдор шахсгина эмас, балки пора берган шахс учун ҳам қатъий жиноий жавобгарлик белгиланганлиги;
– Жиноят кодексининг 211-моддасида, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш жинояти учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этишжазоси белгиланганлигини яна бир бор эслатади.






