Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2015 йил 22 сентябрдаги ҳукмига кўра, 46 ёшли Наманган муҳандислик-технология институтида “Корхона иқтисодиёти” фани ўқитувчисига ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 214-моддаси 2-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45,57-моддалари қўлланиб, 2 йил олий ўқув юртларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган...
ЖИБ Наманган вилоят суди апелляция инс- танциясининг 2015 йил 22 октябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд ЖИБ судлов ҳайъатининг 2019 йил 10 майдаги ажрими билан ЖИБ Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 22 октябрдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилган.
Иш ҳужжатларига кўра...
2014/2015 ўқув йили якуни юзасидан “Иқтисодиёт” факультети 3-босқи- чининг икки нафар талабасига курс ишидан мавзу бермаган. Боиси, “курс ишини ўзим тайёрлаб бераман. Эвазига 100 доллар берасизлар. Йўқса, курс иши мавзусини бермайман, баҳо ҳам йўқ”, деган. Улардан товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиб, 2015 йил 20 мартда ҳар биридан 100 доллардан олган.
Шунингдек, икки талаба 10 соатдан дарс қолдиргани учун 10 тадан қайта топшириш иши ёзиш кераклигини айтиб, “ўзим ёздираман, сабаби курс ишидаги ёзув билан қайта топширишдаги ёзувлар бир хил бўлиши керак” деган. Ҳар бир қолдирилган дарсларга қайта топшириш ишини ёзиб беришга 10.000 сўмдан, ҳар бири
100.000 сўмдан жами 200.000 сўм беришларини, бўлмаса баҳо қўйиб бермаслигини айтган. Ҳақ беришни такроран талаб қилганликда айбли, деб топилган.
«БИРОР ТАЛАБАДАН МОДДИЙ МАНФААТДОР БЎЛМАГАНМАН »
Ўқитувчи тергов ва судда берган кўрсатувларида айбига иқрор бўлмаган...
— 2012 йилдан буён Наманган муҳандислик-технология институтида “Корхона иқтисодиёти”, “Аграсаноат мажмуаси иқтисодиёти” фанларидан дарс бераман. 2014-2015 ўқув йилида менга ажратилган фанлардан маъруза ва амалий машғулотларни олиб борганман. 3-босқич 14у-12 гуруҳидан 17 нафар талаба етарли балл тўплай олмасдан қайта топши- ришга қўйилган. Бунинг учун уларга консультация ўтганман. Консультацияга келган ҳар бир талабага имзо қўйдириб олганман. Беш нафар талаба 74 соатдан ортиқ дарс қолдирган, талабалар сафидан чиқарилиши лозим бўлган. Бу ҳақда деканатга билдиришнома билан чиққанман. Сўнг комиссия аъзолари иштирокида талабалардан курс иши ва қайта топшириш ишларини қабул қилиб олдим. Комиссия аъзолари иштирок этишган, уларнинг курс иши- даги имзолари бор. Бироқ комиссия аъзолари аксарият ҳолларда дарсларда бўлгани сабабли айрим курс ишларини ўзим қабул қилганман. Жумладан, 2 талабанинг курс ишларини якка ўзим қабул қилганман. Бошқа талабалар курс ишларини топширишга қийналган. Лекин раҳбарият топшириғи билан бу талабаларни яхшилик ва одамгарчилик қилиб баҳолаганман. Бир гуруҳда менга курс ишини раҳбарлиги юклатилган бўлмаса-да, курс ишларини қабул қилганман. Сабаби у гуруҳга бириктирилган ўқитувчи малака оширишда бўлган. Бирор талабадан моддий манфаатдор бўлмаганман. Бир маротаба бир талабанинг машинасига чиққанимда, мени бошқа ўқув биносига ташлаб қўйган. Лекин пул олмаганман.
Дастлабки терговдаги юзлаштиришда ўқитувчи талабанинг кўрсатмаларини инкор қилган. Суддаги кўрсатмаларида эса унга нисбатан туҳмат қилинаётганини кўрсатган.
“ЖИНОЯТ ТАРКИБИ БОР ЁКИ ЙЎҚЛИГИ ТЕКШИРИЛМАГАН”
Тўлқин ТЎРАҚУЛОВ, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси ўринбосари:
— Маҳкум ва унинг ҳимоячиси апелляция шикоятида ўқитувчининг айбсизлиги ҳақида важлар келтириб, суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўрашган.
Ўрганиш натижаси шуни кўрсатди-ки, биринчи инстанция судида тўп- ланган далиллар ўқитувчини айблаш учун етарли эмаслигини эътибордан четда қолдирган. Жиноят таркиби бор ёки йўқлиги текширилмаган. Унинг зиммасига қўйилган айблов 2 талабанинг кўрсатувлари ва аризаларига асосланган. Жиноят ишида дастлабки тергов органи томонидан ўқитувчининг такроран товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилганини тасдиқловчи бошқа объектив далиллар тўпланмаган. У пора олиш вақтида ушланмаган, пора предмети ҳисобланган пуллар ашёвий далил сифатида олинмаган, ишда унинг пора олганини тасдиқловчи видео ва аудио ёзувлар, телефон сўзлашувлари ёки бошқа ашёвий далиллар мавжуд эмас, тахминларга асосланиб айбланган. Бундай ҳолатда суд ҳукмини қонуний ва асосли, деб бўлмайди. Судлов ҳайъати апелляция ши- коятларидаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан таҳлил қилиб, апелляция шикоятларини қаноатлантириб, айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни лозим топди.
ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2015 йил 22 сентябрдаги судланувчига нисбатан чиқарган ҳукми бекор қилинди. Унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди. Айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди (оқланди), апелляция шикоятлари қаноатлантирилди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист






