АсосийDunyo

Тирик қорамолларнинг Ўзбекистонга кўп олиб кетилиши боис Қозоғистонда гўштни қайта ишлаш корхоналари хомашёсиз қолмоқда

'Тирик қорамолларнинг Ўзбекистонга кўп олиб кетилиши боис Қозоғистонда гўштни қайта ишлаш корхоналари хомашёсиз қолмоқда'ning rasmi

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатдан барча ёшдаги йирик ва майда шохли тирик қорамолларни олиб чиқиб кетишни бутунлай тақиқлашга қарор қилди. Тегишли тузатишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлигининг илгари фақат урғочи мол экспортини чеклаган «Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини экспорт қилишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қўшма буйруғига киритилади. Бу ҳақда Informburo ахборотига таяниб Кун.уз хабар берди.

Informburo’нинг ёзишича, мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу йўл билан қорамолни Ўзбекистонга оммавий олиб чиқиб кетишнинг олдини олишни ва Қозоғистондаги гўштни қайта ишлаш корхоналарида кузатилаётган паст юклама муаммосини ҳал қилишни назарда тутган.

Билдирилишича, 2019 йилда Қозоғистондан 156 минг бош йирик шохли қорамол олиб чиқиб кетилган, улардан 78 фоизи - Ўзбекистонга, яна 14 фоизи - Арманистонга. Шунингдек, 264 минг бош қўй мамлакатдан олиб чиқилган, уларнинг ярмидан кўпи урғочи бўлган. Майда шохли қорамолнинг асосий харидори ҳам Ўзбекистондир. Яъни республикамизга Қозоғистондан 200 мингдан ортиқ қўй (76%) экспорт қилинган.

Кейинчалик қайта ишлаш ва қайта сотиш учун тирик қорамолларнинг оммавий равишда экспорт қилиниши гўшт маҳсулотлари нархлари кўтарилишига замин яратди. Вазият Қозоғистондаги гўштни қайта ишлаш корхоналарида юкламанинг пасайиши ва озуқа базаларининг бўшаб қолишига олиб келди. 2019 йилда, асосан, хомашё танқислиги сабабли, уларда иш қувватининг ярмидан ками ишлаган.

2017-2021 йилларда Қозоғистонда агросаноат комплексини ривожлантириш давлат дастури Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қайта ишланган маҳсулотлар экспортини 2,5 баравар ошириш вазифасини юклайди. 

Бошқа янгиликлар