“Ўзгидромет” марказидан ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот тарқатилди. Унда келтирилишича, якшанбадан душанбага ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудидан ғарбий совуқ ўтди. Ушбу синоптик вазият юртимиз ҳудудлари бўйлаб ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликка сабаб бўлди. Мамлакат шимоли ва тоғли туманларда асосан қор ёғди.
Кавказ ҳудудидан кирган антициклон юртимиз устида аста-секин ҳаракат қилмоқда ва бу Ўзбекистон шимолига ўз таъсири кўрсатмоқда.
Душанба тонгида Самарқанд вилоятининг текислик ҳудудларида 1-4 см қалинликда қор қоплами ҳосил бўлди.
Бугун эса мамлакатимиз бўйлаб ёғингарчилик эҳтимоли сақланиб туради, фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат 0-5 даража илиқ атрофида бўлади.
21-22 январь кунлари совуқ ҳаво оқими юртимиз ҳудудларини қамраб олади. Айрим жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тунги ҳарорат 3-5 даража совуққача, шимолий ҳудудларда 8 даража совуққача пасаяди. Кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.
23 январда совуқ антициклон шарққа ҳаракатланади, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Туркманистон ҳудудидан кирган нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади. Бунда эса об-ҳавонинг очиқ ва қуёшли бўлиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 7-9 даража илиққача кўтарилади. Тунги ҳарорат эса юқорида кўрсатилгандек сақланиб туради.
24-25 январда ғарбий антициклон кириши кутилмоқда. Илиқ жанубий оқимларнинг сақланиб туриши ҳисобига мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ёмғир ёғади. Тоғли туманларда ёғингарчилик (қор, ёмғир) бўлади. Шу кунларда ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ – 3 даража илиқ, кундузи 2-7 даража илиқ бўлади, бу кўрсаткичлар йилнинг шу даври учун хос бўлган меъёрларга яқиндир.






