АсосийJamiyat

Қорақалпоқ ёшлари ҳарбийлардан ўрнак олмоқда

'Қорақалпоқ ёшлари ҳарбийлардан ўрнак олмоқда'ning rasmi

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ватанпарварликни мадҳ этувчи концерт дастурлари, қурол ва ҳарбий техникалар билан танишув, ҳарбийларнинг қизиқарли чиқишлари ҳамда спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати "Darakchi.uz"га хабар берди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирларда минглаб қорақалпоқ ёшлари иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини одат қилганини, ҳаётий позициялари мустаҳкам эканлигини исботлашди.

Ватанпарварлик карвонларининг сафари давомида ўтказилган “Мардлик ва жасорат дарслари”да 2019 йилда Халқаро армия ўйинларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимизга медаллар олиб келган ҳамда давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳарбий мутахассислар ёшларга муваффақиятларининг сирларини очиб беришди. Тинимсиз меҳнат ва ватанга бўлган кучли муҳаббат билан ҳар қандай машаққатларни енгиб келишаётгани ҳақида айтишди.  Жонли мулоқот ва савол-жавобга бой ўтган тадбирлар давомида ҳарбий хизматчиларга қўйилган талаблар, бугунги кунда миллий армиямизнинг жаҳон ва минтақадаги рейтинги, Қуролли Кучларимиз қудрати ва мамлакатимиз мудофаа салоҳияти ҳақида ёшларга сўзлаб беришди.

Тадбирлар давомида учта туманда ҳам ватанпарварлик фестиваллари бўлиб ўтди. Мингдан зиёд ёшлар иштирок этган фестивалларда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан концерт дастури, Урганч гарнизони ҳарбий хизматчилари ҳамда Урганч “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг мураккаб қўл жанги элементлари билан чиқишлари намойиш этилди. 

Ёшлар ўртасида арқон тортиш, тош кўтариш ва ҳарбийлашган эстафета мусобақалари бўлиб ўтди. Жамоавий ўйинлар қизғин баҳс ва мунозаралар билан кечди. Таълим муассасаси шаънини ҳимоя қилган ёшлар синфдошларининг далдаси билан охирги дақиқаларгача ғолиблик учун курашди. Мусобақалар соғлом рақобат остида шиддат билан ўтди.

Фестиваль доирасида иштирокчилар учун ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа кўргазмалари ташкил этилди. Қўлларига биринчи марта қурол ушлаган ёшларнинг ҳайратлари шу заҳоти телефон орқали фотосуратларга муҳрланди. 

Ғолиб ва совриндорлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлими ҳамда Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси иштирок этди. Фестивалдан руҳланган ўсмирлар Ватанга хизмат қилишга, мамлакатимиз тараққиёти йўлида ўзларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдиришди.

Ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган санъат асарлари ёшларнинг қалбини миллий ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

    Бошқа янгиликлар