Маълумотларга кўра, 14 январда биржа савдоларига қўйилган 1084 тонна шакарнинг, атиги 134 тоннаси сотилган. Уни ҳам бўлса, ишлаб чиқариш корхоналари харид қилган.
– Бунга биринчи сабаб нарх бўлса керак, – дейди Республика товар-хом ашё биржаси бошқарув раисининг ўринбосари Ислом Иброгимов. –Ҳозирда бозорда бир килограмм шакар 5300-5400 атрофида улгуржи сотилмоқда. Бизда қўйилаётган бошланғич нарх 5350 сўмни ташкил қилмоқда. Унга транспорт харажатлари қўшилса, нарх яна ўзгаради.
Юртимизда шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар Хоразм ва Ангренда жойлашган бўлиб, Ангрендаги завод харидорлари асосан водийдан келади. Улар Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига ҳам етказиб беради.
Балки, шакар савдосининг юришмаслигига импорт бўлиб келаётган маҳсулот сабаб бўлаётгандир. Ахир, Россияда бу йил лавлаги ҳосили яхши бўлгани эвазига шакар мўл бўлиб, Қозоғистондаги шакар ишлаб чиқарувчиларни шошириб қўйгани ҳақида хабарлар мавжуд. Сабаби Қозоғистондаги йирик шакар заводлари Россияга экспорт билан шуғулланади. Бундан ташқари Украина ва Беларусь ҳам. Бизни шакар ҳам улардан кам эмас.
Энг қизиғи, биржа орқали 2019 йилнинг охиригача 4500-4950 гача сотилган шакар нархи 1 январдан 5350 бўлиб қолгани. Агарда 4-5 минг атрофида баҳоланса талабгорлар кўп бўлиши, шубҳасиз. Ахир, 350 сўм ҳам кўп пулга айланади айниқса, гап тонналар ҳақида кетганда. Ҳозирда бу нархни арзонлаштириш эҳтимоли бор-йўқлиги билан қизиқдик.
– Сотувчи бозор принциплари ва талаблари асосида баҳо белгилайди, – дейди И.Иброгимов. – Маҳсулотини қиммат қилиб, омборларда ушлаб ўтиришдан фойда йўқ. Яна бир гап. Ҳозирга қадар ишлаб чиқарилган шакарнинг чекланган маълум қисми (ишлаб чиқариш ҳажмининг 12,5 – 13,5 фоизи) очиқ биржа савдоларида реализация қилинган бўлса, қолган қисми диллерлик тармоқлари орқали тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилган. 1 январдан эса шакар биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилмоқда. Бундан эса кўпчилик тадбиркорлар бехабар бўлса керак. Шуни ҳисобга олиб, шакар сотиб олмоқчи бўлган барча улгуржи истеъмолчилар ва тадбиркорларга 13 та минтақавий бўлинма ва 300 тадан ортиқ савдо майдончаларимиз орқали боғланмоқдамиз.
Шу ўринда 2019 йил январь-октябрь даврида ҳам шакар бир маромда сотилмаганини кузатиш мумкин. Энг кўп ҳажмларда февраль (8,8 минг тонна) ва июнь (5,2 минг тонна) ойларида сотилган бўлса, энг кам ҳажмда январда (1,6 минг тонна) ва мартда (3,6 минг тонна) сотилган. Шакарнинг савдоларга қўйилиш ва сотилиш ҳажмлари май ойидан бошлаб барқарорлашган.






