2020 йил 9 январь куни соат 19:20 ларда Жондор тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 303 км.да, 31 ёшли Г.Х. ва 30 ёшли Ж.Р.лар маст ҳолатда Туркия Республикаси фуқароси 63 ёшли М.Д.нинг бошқарувида бўлган Туркия давлат рақам белгили “Mercedes-Benz” русумли юк автомашинасига ҳеч бир сабабсиз тошлар отиб уни тўхтатиб, ҳайдовчи М.Д.ни уриб-дўппослаб, тан жароҳати етказишган.
Фуқаро М.Д.,га олган тан жароҳати юзасидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодиса содир бўлган жойдан қонга ўхшаш доғлар олинган ва тегишли экспертизалар тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жондор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Г.Х. ва Ж.Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,д” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан қарияга нисбатан содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган, улар жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.






