Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда Иштихон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Сухроб Қ.ни мактаб директори ўринбосари иккинчи қаватдан отиб юборгани ҳақида видеохабар тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича айни пайтда текшириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, 2019 йил 28 декабрь куни соат 13-00 ларда вояга етмаган Сухроб Қ. туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига ёпиқ КЦТ, бош мия чайқалиши, ўнг билак суякларининг дистал охиридан ёпиқ синиб силжиши, чап чакка, чап ёноқ ва чап кўз атрофи юмшоқ тўқимасининг лати каби тан жарохатлар билан келган.
Шифокорлар томонидан беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, касаллик тарихи юритилиб, шифохонага ётқизилган.
2020 йил 3 январь куни вояга етмаган Сухроб Қ.нинг отаси Иштихон тумани ИИБ бошлиғи номига фарзанди тан жарохати олганлиги холати юзасидан ариза билан мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш ҳаракатлари олиб борилиши устидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Яқин орада “darakchi.uz”да бу борадаги аниқ маълумотлар тақдим этилади.






