АсосийJamiyat

ИИВ Малака ошириш институти: йил якунлари ва режалар

'ИИВ Малака ошириш институти: йил якунлари ва режалар'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3919-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, вазирликнинг мустақил таълим муассасаси ҳисобланади.

Айни пайтда, Институтда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жиноятчиликка қарши кураш, Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, Ахборот-технологиялари кафедралари самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Бугунги кунда Институт ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг 
«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, вазирликнинг меъёрий ҳужжатлари асосида олиб бормоқда.

Ўқув жараёни «Модуль тизими»га асосланган бўлиб, инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда масофавий (виртуал) таълим тизими ташкил этилмоқда. 

Ўтиб бораётган 2019 йил мобайнида мобайнида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ички ишлар органлари тузилмаларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, инновацион ўқитишни амалга оширишни назарда тутувчи 17 та блок-модулли ўқув дастури ишлаб чиқилиб, Вазирликнинг соҳавий хизматлари билан келишилган ҳолда тизим ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув жараёнига тадбиқ этилди. Шунингдек, ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида 200 га яқин мавзулар бўйича ўқув-методик материаллар (маъруза тезислари, тақдимотлар) тайёрланди. 

Жорий йилда Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда 90 та сайёр ўқув йиғинлари ўтказилди ва уларда 11 мингдан ортиқ ички ишлар органлари офицер ходимларининг ҳамда 9 мингга яқин профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. 

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирининг 2019 йил 24 июндаги буйруғи билан тасдиқланган «Ички ишлар вазирлиги тизимида 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси» ижросини таъминлаш мақсадида Институт томонидан ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашишда чора-тадбирларни амалга оширишга масъул бўлган ходимларнинг билим ва касбий маҳоратини ошириш бўйича тренинг курслари ўтказилди.

Шунингдек, Институт ташаббуси билан жойларда ўтказилган сайёр ўқув йиғинлари доирасида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар учун ҳам хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган алоҳида семинар-тренинглар ташкиллаштирилди.

Ўқув машғулотларининг муаммоли маъруза, «блиц сўров», «давра суҳбати», «кейс стади» каби инновацион педагогик услубларидан ҳамда презентация ва мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши таъминланди. 

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ходимлари учун таълим жараёнини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича тренинглар, мастер-класслар ташкил этиш режаси» тайёрланган бўлиб, ушбу Режа асосида республикамиздаги турдош таълим муассасаларида Институтнинг барча профессор-ўқитувчиларининг касбий ва педагогик маҳоратларини оширишлари ташкиллаштирилди. 

ХАЛҚ ИЧИГА КИРИБ БОРИШ ВА АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТ ЎРНАТИШ

ИНСТИТУТ ЖАМОАСИНИНГ УСТУВОР МАҚСАДЛАРИДАН БИРИГА АЙЛАНДИ 

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқотни ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, ўтган 2019 йилда 100 га яқин маҳаллаларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», «Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти», «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз», «Осойишталик учун барчамиз масъулмиз», «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда жамоатчиликнинг роли», «Оилалар тинчлиги – барқарорлик омили» каби мавзуларида жами 280 дан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан 50 дан ортиқ умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ўқувчилари учун ватанпарварлик, адолатлилик, одиллик, ҳалоллик, садоқатлилик, сўз ва амал бирлиги, халққа хизмат қилиш каби эзгу тушунчалар ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтириб бериш бўйича «Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти», «Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси», «Конституциямиз – барчамиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир»«Конституция – мамлакатимиз тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолатидир»каби мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ва викториналарўтказилди.

Дарҳақиқат, улуғ муттафаккир шоиримиз Абдулла Авлоний ҳам баркамолликнинг асосини тарбияда деб билиб, «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур», деган эди. Зеро, ҳар бир ёшнинг эртанги куни бугундан бошланади. 

Шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган 200 га яқин кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олинди. 

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш савобли ишдир. 

Халқимизга хос бундай эзгу қадриятлар ва савобли ишларни қилган инсонга эса руҳан енгиллик бахш этади.

Республикамиздаги ва хорижий давлатлардаги турдош таълим муассасалари 
билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Институт зиммасига юклатилган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида 20 дан ортиқ ташкилот ва муассасалар (турдош таълим муассасалари, юридик таълимга ихтисослашган олий ўқув юртлари, хорижий турдош таълим муассасалари), 
шу жумладан Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандумлар ишлаб чиқилиб, тартибда расмийлаштирилди.

Институтнинг хорижий турдош таълим муассасалари билан кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлик Халқаро ҳамкорлик бошқармаси билан биргаликда Япониянинг JICA, Жанубий Кореянинг KOICA, Туркиянинг TIKA каби халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентликларининг ваколатхоналари ҳамда Хитой, Италия, Қозоғистон каби давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари (консулликлари) билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Бундан ташқари, ўтган 2019 йилда йилда Институт профессор-ўқитувчиларининг 
2 нафари Хитой, 2 нафари Россия, 1 нафари Италия давлатининг турдош таълим муассасаларида ташкил этилган ўқув курсларида малака оширдилар.

Истиқболдаги режалар

Соҳа йўналишлари бўйича амалий-услубий қўлланмалар яратиш, илғор ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда уларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган илмий ёндашувларни жорий этиш таълим муассасаси жамоаси олдида турган муҳим вазифалардандир.

Айни пайтда, шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларни қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш, улар томонидан янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

 

    Бошқа янгиликлар