Шавкат Мирзиёев эксперимент тариқасида Тошкент шаҳридаги туманлардан бирига аёл кишини ҳоким қилиб қўйишни таклиф қилди. «Қаерда аёл киши раҳбар бўлса, шу ерда коррупция камроқ, халқ билан мулоқот кўпроқ бўлади» деб фикр билдирди Президент.
Бу мавзудаги мулоқот Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан учрашув чоғида бўлиб ўтди, деб хабар беради Газета.уз.
Хусусан Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга пойтахт туманларидан бирига аёл кишини ҳоким қилиб тайинлашни таклиф қилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусни Ёшлар Иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши вакили Дурдона Раҳимованинг чиқишидан кейин илгари сурди. Д.Раҳимова ўз нутқида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида аёлларнинг таълим олиши учун 20 фоизли мақсадли квотани белгилаш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг сўзига кўра ҳозирда бу академияда бор йўғи 2-3 нафар аёл ўқимоқда.
Шавкат Мирзиёев академияда таълим олиш учун аёлларга 20 фоизлик эмас, 30 фоизлик квота ажратишга ҳам тайёр эканлигини айтди.
"Негаки аёллар бор жойда порахўрлик камроқ, халқ дардини тинглаш кўпроқ бўлади", дея таъкидлади Президент.






