Бош прокуратура сал аввал Тошкент шаҳар Бектемир тумани 105-сайлов участкасидаги ҳолат текширилаётгани ҳақида хабар берганди. Айни пайтда аниқланган қонун бузилишлар юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2019 йил 22 декабрь куни Бектемир туманидаги 105-сонли сайлов участкаси комиссия аъзолари сайлов вақтида кузатувчиларнинг хонадан чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, сайлов қутисига бир нечта сайлов бюллетенларини ташлашган ҳамда овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомада комиссия аъзоси ҳисобланган Р.Маҳкамовнинг имзосини сохталаштиришган. Бу орқали Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонун талаблари бузилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 146-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






