Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хавфсиз овқатланишнинг 5 та, соғлом овқатланишнинг 12 та принципи бор. Аммо бу принципларни боғчалар, мактаблар, ошхоналарда ишлаётган мутахассисларимиз, ошпазларимиз билишадими? Шундай савол билан Сенат Раиси Танзила Нарбаева 24 декабрь куни бўлиб ўтган Сенат Кенгашининг мажлисида мутассадиларга мурожаат қилди.
Жумладан, Сенат Раиси шундай деди:
“Боғча ва мактабда ишлаётган тарбиячи-ю ўқитувчилар соғлом ва хавфсиз овқатланиш қоидаларини биладими ёки йўқми? деган саволга тўлиқ жавоб тополмаймиз. Чунки бу масалада уларга ҳеч нима мақсадли равишда ўргатилмаган. Уларда билим ва кўникма йўқ, ўзи билмагандан кейин қандай қилиб бошқаларга ўргатсин?
Таълим муассасаларида тиббиёт ходимлари фаолият юритадими? Фаолият юритса ҳам улар овқатланиш сифатини текширадими? Умуман, вазирлик, идора ва ташкилотларда овқатланиш шахобчаларида заҳарланишнинг олдини оладиган, овқат сифатини назорат қиладиган ходим-мутахассислар борми, йўқми? Бу саволларга афсуски, рад жавобини берамиз. Уларни айбламоқчи эмасман, чунки уларга билиш керак деган талабнинг ўзи қўйилмаган.Саволлар кўп, аммо жавоблар йўқ. Эҳтимол, соғлом овқатланиш бўйича қонунлар қабул қилиш керакдир. Бу борада яхли тизим ишласа, мақсадга мувофиқ бўлади”.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасига 2020 йилнинг 1 февралига қадар “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш, 2020 йилнинг 1 апрелига қадар Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштиришга доир комплекс тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.






