АсосийJamiyat

Косонда ўз номзодини қайтариб олишга мажбурланганлиги ва пойтахтда ҳокимликнинг сайловга аралашганлиги бўйича текширув бошланди

'Косонда ўз номзодини қайтариб олишга мажбурланганлиги ва пойтахтда ҳокимликнинг сайловга аралашганлиги бўйича текширув бошланди'ning rasmi

Хабарингиз бор, куни кеча юртимизда муҳим сиёсий жараён — депутатлик сайлови бўлиб ўтди. Кун давомида сайлов участкаларидаги мавжуд вазиятлар ва кутилмаган ҳолатлар бўйича ахборотлар бериб борилди. 

Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон туманида депутатликка номзодлардан мажбуран ариза ёздириб олинаётгани бўйича хабар тарқалди.

Шунингдек, блогер Хушнуд Худойбердиев ижтимоий тармоқдаги канали орқали Яшнобод тумани ҳокимлигининг сайловга аралашаётганлик ҳолати акс этган фотофактларни эълон қилди.

Бош прокуратура мазкур хабарларда акс этган ҳолатлар бўйича текширув бошланганини маълум қилди.

“2019 йилнинг 22 декабрь, яъни парламент Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар куни Интернет тармоғида айрим ҳудудларда сайловлар ўтказилишида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаш, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар тармоқ орқали тарқатилиб, кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди.

Марказий сайлов комиссиясидан юқорида келтирилган маълумотлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.

Шу муносабат билан, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар шакллантирилиб, мазкур хабарларнинг ҳар бири синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Бу борада Марказий сайлов комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.

Текширишлар натижасига кўра хабар берилади”, — дейилмоқда расмий баёнотда.

    Бошқа янгиликлар