АсосийJamiyat

Георгий Церетели: “Халқнинг умиди - янги парламент учун катта масъулият”

'Георгий Церетели: “Халқнинг умиди - янги парламент учун катта масъулият”'ning rasmi

ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) президенти Георгий Церетели бугун Тошкент шаҳридаги 882-сайлов участкасига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида Церетели оммавий ахборот воситаларига интервью берар экан, Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайловларни кузатиш учун Ўзбекистонга илк бор келганини, бугунги сайловлар мамлакатимиз учун ўзига хос имтиҳон эканини таъкидлади. 

— Сайлов жараёнида қонунийликни, ҳар бир фуқарога ҳақиқий, эркин ва тушунган ҳолда овоз беришини таъминлаш жуда муҳим, - деди Георгий Церетели. — Мен халқингизнинг катта умид билан сайловда қатнашаётганини сездим. Бу янги парламент учун жуда катта масъулиятдир. Партиялар раҳбарлари билан учрашганимизда уларнинг ҳаммасида сайловолди дастурлари пухта эканини билдим. Энг асосийси, улар ўз ташаббусларини қай тарзда амалга ошириши. Сиёсий партиялар парламентга айнан ўз ваъдаларини бажариш учун кириб боришлари керак. 

ПА кузатувчиси ўзининг якуний хулосасида Ўзбекистондаги сайловга сиёсий баҳо берилиши билан бирга, сайловларнинг қонуний асослари, овоз бериш жараёнлари ва бошқа ҳолатларнинг қонуний асоси ҳам таҳлил қилинишини маълум қилди. 

“Биз бугунги бўлиб ўтаётган воқеа ўзбек халқи ҳаётида ижобий акс этишини истаймиз. Сайлов шунинг учун ҳам ўтказиляпти”, дея қўшимча қилди Церетели.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси юртимиздаги сайловда биринчи марта иштирок этмоқда. Делегация таркибида Ассамблеянинг 50га яқин вакиллари бор, шу жумладан, ташкилотнинг иштирокчи мамлакатоари парламенти аъзолари ҳам келган. 

Аввалроқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатида ҳам бўлиб, Сенат Раиси Т.Нарбаева билан учрашган эди. 

    Бошқа янгиликлар