АсосийJinoyat

Профилактика инспекторига 100 доллар пора бермоқчи бўлган фуқаро бир йилга қамалди

'Профилактика инспекторига 100 доллар пора бермоқчи бўлган фуқаро бир йилга қамалди'ning rasmi

 Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Бешариқ туманида тунги хизматни ўтаётган профилактика инспектори шубҳали туюлган “Нексия-1” русумли автомашинани тўхтатади. Ҳайдовчи ўзини Бешариқ тумани Пастки Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи, фуқаро К.Н деб таништирди. Лекин ушбу фуқародан спиртли ичимлик ҳиди келаётганлиги сабабли, профилактика инспектори мастлик ҳолати мавжудлигини текшириб кўриш мақсадида Бешариқ туман марказий шифохонасига олиб борган. Тиббий хулоса фуқаронинг спиртли ичимликдан маст эканлигини тасдиқлаган. 

Профилактика инспектори фуқаро К.Нга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомашинани туман ИИБ жарима майдонига олиб борган.

24 ноябрь куни фуқаро К.Н профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, тўпланган ҳужжатларни қонуний ҳал қилмаслиги ва автомашинасини ИИБ жарима майдонидан чиқариб юбориши эвазига 100 (юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.  

Профилактика инспекторининг билдиргиси асосида, туман прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими ва вилоят ИИБ ходимлари иштирокида шу куни соат 15:00ларда фуқаро К.Н профилактика инспекторига 100 (юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида бераётган вақтида тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бешариқ туман прокурори ёрдамчиси Мирзаахрор Ҳасанов Даракчига хабар берди. Унинг қайд этишича ушбу иш бўйича туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг  2019 йил 18 декабрдаги ҳукмига асосан К.Н Жиноят кодексининг 211-моддаси  1-қисмига асосан айбдор деб, топилиб унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ва 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бошқа янгиликлар