Маълумки, фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она, қолаверса, жамият зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифалардан бири саналади. Лекин ҳаётда ўз фарзандини тарбиялаш ва таъминлашдан бош тортувчи ота-оналар ҳам учраб туради, ёки аксинча меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ғамхўрлик қилмайдиган фарзандлар ҳам учрайди. Вояга етмаган фарзанд қачон имкони бўлса, “отам ёки онам алимент тўласа, кейин еб-ичаман”, деб кутиб туролмайди. Шунингдек, ўз вақтида моддий таъминлаш боланинг соғлом вояга етишида муҳим омил ҳисобланади...
Шунинг учун ота ёки она фарзандини моддий таъминлашдан бош тортса, манфаатдор томон алимент ундириш ҳақида ўз вақтида судга мурожаат қилиши лозим. Ўз навбатида, бунинг учун тегишли қонун талабларини ва ўрнатилган тартибни билиш тақозо этилади.
Бу ҳақда тўлиқ маълумот олиш учун Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг раиси Жамшидбек Мамуровга мурожаат қилдик.
— Оила кодексининг 14-бобида ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари мустаҳкамланганини таъкидлаш зарур. Ушбу кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Оила кодексининг 97-моддасида вояга етмаган болаларига ҳамда вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглиги белгиланган. Қонун талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
— Қонун талабига биноан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса-чи?
— Уларнинг таъминоти учун суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
- 1 бола учун — тўртдан бир қисми;
- 2 бола учун — учдан бир қисми;
- 3 ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида алимент ундирилади.
Бундан ташқари Оила кодекснинг қатор нормаларида алимент қатъий суммада белгиланиши назарда тутилган. Масалан, ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши, алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериши ҳолатлари шу жумлага киради.
Оила кодексининг 144-моддаси 2-қисмига мувофиқ, қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Суд алиментни қатъий суммада ундириш ҳақида қарор қабул қилар экан, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида шу сумма муайян миқдорда эмас, балки энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда ундирилишини кўрсатиши лозим.
Оила кодексининг 136-моддасига мувофиқ, алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортгани оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида алимент қайси санадан ундирилиши кўрсатилиши шарт.
Қонун талаби бўйича, вояга етмаган болалар ҳуқуқини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ёки ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.
Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилик талабига кўра, қонуний никоҳдан туғилган вояга етмаган фарзанд таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб соддалаштирилган тартибда, ариза берувчи ва жавобгарни чақирмасдан, суд буйруғи чиқариш орқали 3 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Бунда аризага никоҳ гувохномаси ёки никохдан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома, фарзанд туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари, шунингдек, яшаш ва агар жавобгарнинг иш жойи аниқ бўлса, иш ҳақи тўғрисида маълумотнома илова қилиниши кифоя.
Эндиликда вояга етмаган болалар таъминоти бўйича алимент ундириш учун аризаларни интернет тармоғи орқали фуқаролик ишлари бўйича тегишли судларга электрон равишда юбориш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси вояга етмаган болаларнинг, 123-моддаси эса меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Жумладан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз болаларни, шунингдек, ота-оналарни таъминлаш учун алиментлар тўлашдан бўйин товлаш муддатлари мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида қисқартирилмоқда. Бу муддат тугагач, аввал шахс маъмурий, шунда ҳам шахс тўловни амалга оширмагач жиноий жавобгарликка тортилади.
Садоқат Аллаберганова






