Олий суд эса масъулиятсиз томошабинликка қачон чек қўяди?
Таҳририятимизга навбатдаги мурожаат Қарши шаҳар ҳокимлиги (аниқроғи шаҳарнинг собиқ ҳокими Ж. Фозилов) ҳокимликнинг ҳуқуқшуноси Ш. Бухоров) устидан келиб тушди. Мурожаат эса Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчаси 295-уй, 11-хонадонда яшовчи бир оила номидан. Қарши шаҳар ҳокимлиги вакиллари, вилоят ҳокимлиги ҳамда Олий суд вакиллари 8 йилдирки, бир оиланинг сарсон-саргардон бўлиб юришига сабаб бўлишмоқда.
Яна “снос”, яна Қашқадарё
Масала моҳияти, мурожаат мазмуни уй-жой билан боғлиқ оғриқли нуқта. “Снос” билан боғлиқ муаммолар эса Қашқадарёни ижтимоий тармоқлар орқали “анчайин машҳур қилди”. Ана шундайлардан бири Яккабоғдаги машҳур “снос” машмашаси. Қуйида Қашқадарёнинг яна бир “ечими топилмас” ва мутасаддилар томонидан атайин чалкашликка олиб борилган муаммосини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
2010 йилда шаҳарсозлик талабларига мос келмаганлиги учун Қарши шаҳрини ободонлаштириш мақсадида шаҳар ҳокимлигининг огоҳлантириш хати орқали бузилишга тушган хўжалик 44 та эди. Шаҳар ҳокими Ж.Фозиловнинг “сайъ-ҳаракатлари” ва астойдил берилган аммо, шу кунга қадар бажарилмаган “қуруқ ваъда”си туфайли қишнинг қаҳратон кунига қарамай шунча оила уйларини ташлаб чиқиб кетишган. Уйлар эса Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сонли қарорига кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчасида истиқомат қилувчи кўплаб фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилган ва амалга тадбиқ этилган. Худди шу кафолат хатида мурожаатчи Жонгул Мейлиеванинг оиласига ҳам корхона томонидан қурилаётган 3 хонали 1 та хонадон ажратиш тўғрисида келтириб ўтилган. Лекин, энг ачинарлиси, бу сўзлар худди “ҳавога учган”дек, ёлғон бўлиб чиққани барчани ақлини шошириб қўйди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22-ноябрдаги 06-06/1-488-сонли баёнига мувофиқ йирик саноат корхоналари томонидан кафиллик шартномалари берилган бузилишга тушган 44 та хонадон эгаларига компенсация сифатида уй-жой ажратиш масаласини “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ (10 дона), “Ипотека банк” АТБ (10 дона) ва “Асака банк” (10 дона) қурилаётган уйларнинг таннархига киритиш орқали ҳал этилиши белгиланган.
“Учар қурувчи”нинг ноғорасига ўйнаганлар
Аслида юқорида кўрсатилган баёнга асосан вилоят ҳокимининг 2014 йил 26-августдаги Б-02-268-сонли йиғилиш баёнининг 2-иловасида Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳисобига уй-жой ажратилиши белгиланган уйлар рўйхатида Жангил Мейлиева номига 1 та 3 хонали уй “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва пудратчи қурилиш ташкилот “Лобар-Ш” хусусий корхонаси томонидан ажратилиш кўзда тутилган. Кўп қаватли уй-жой битганидан сўнг шаҳар ҳокимлигига тегишли баёнга мувофиқ компенсация сифатида ажратилаётган уй-жойларни Марказий банк томонидан тижорат банклари билан келишилган ҳолда тасдиқланган тақсимотга асосан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиб берилиши лозим бўлган. Аммо, Жонгул Мейлиева номига ажратиб берилган Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчаси 295-уй, 11-хонадонни “Лобар-Ш” хусусий қурилиш корхонаси раҳбари Ш. Бекбўтаев “Қишлоққурилишбанк” АТБ га фирмасининг бошқа бир қарзини ёпиш учун бериб юборади. Муаммолар занжири худди шу ердан бошланиб, бугунги кунга қадар “учар қурувчи тадбиркор”нинг тепадаги “жуда яқин” таниш-билишлари орқали ёпилиб келаётгани ҳам муаммонинг тугуни мана 8 йилдирки қимирламаётганига сабаб бўлиши мумкинми? Қизиқ, мурожаатда келтирилишича, кафиллик берган “юки” бор ташкилот ҳам, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳам, вилоятнинг “снос”га тушган аҳолини уй-жой билан таъминлашга бош-қош масъул мутасаддилар ҳам,ҳамма нарсадан хабардор, аммо ўзининг тан олишича, негадир “қўли боғлиқ” тижорат банклари ҳам, ҳатто Олий суд ҳакамлари ҳам оғзиларига тош солиб олишганидек жим туришибди. Наҳотки, Ш. Бекбўтаев шу қадар “куч-қудратга” эга бўлса-ю, қолганлар унинг қўлида қўғирчоқ бўлишса. Ҳар ҳолда шикоят аризаси билан танишиб чиққач шунақа хулосага кела бошлайди киши.
Адлия вазирлиги ташкил қилган маъносиз “чўпчак акция”
Жойларда Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг муаммоларига юридик ва дипломатик тарзда ечим топиш мақсадида ташкил қилинган махсус акциялар шунчаки “театр” вазифасини ўтаб бергани ҳам ачинарли ҳол. Чунки Қашқадарёда бир эмас, икки маротаба вазирлик томонидан ташкил қилинган бу акцияда қатнашган фуқаролар қатори бизга мурожаат йўллаганлар ҳам шунчаки навбатдаги расмиятчилик ва “қоп-қоп ваъдалар”нинг гувоҳи бўлишди. Ўйлаб қоласан киши ўзи муаммолар гирдобида қолган одамга тағин уни чувалаштиришнинг нима кераги бор? Худди “Ҳуқуқларни ҳимоя қиламиз” деб ташкил қилинаётган ва натижаси ҳам шунга монанд маъносиз чўпчак акциялар каби.
Олий суд – Адолат қўрғоними ёки бу эскирган сафсата
Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров бошчилигида жорий йилнинг 13-июль куни Касби туманида ўтказилган “Сайёр қабул” да ҳам бу савол ўртага ташланганда ўринбосар яна қоғозбозликни илгари сурганидан ҳафсаласи пир бўлган мурожаатчи худди у таъкидлаганидек, “Барча фикр-мулоҳазаларингизни ёзма равишда бизга маълум қилинг, ўрганиб ижобий ҳал этимиз” сўзларига ишониб мурожаат йўллайди. Афсуски, Олий суддан паноҳ истаб ёзилган шикоят аризаси ҳатто очиб ҳам кўрилмаган. Зотан, юборилган мурожаат ҳатто букланмай, саҳифалари очиб кўрилмай ортига қайтариб юборилганидан ҳам буни англаш қийин эмас эди.
Эътиборингизга сўнгги умид, йўқ сўнгги илинж сифатида Олий суд раисига Жонгул Мейлиеванинг турмуш ўртоғи Омондавлат Жонқобилов томонидан юборилган мурожаатдаги сўзларни айнан келтириб ўтамиз.
"... Ишонинг, сўнгги манзилимиз ҳам, ишонч ва нажотимиз ҳам Олий суд. Чунки бу табаррук судни “Адолат қўрғони” деб билганлар фаолият кўрсатишади. Ана шу шарафли касб эгалари ўйлайманки, чорасиз қолган бир оила тақдирини миллат тақдири сифатида кўриб чиқиб, масаламизни ижобий ҳал этишингиздан умидвормиз... "
Лекин, афсуски, (Олий суд раисига эса етиб ҳам бормаган) бу мурожаат худди кимсасиз оролда ўз акс-садосига алданиб қолган кишининг ҳолатига ўхшайди. Суд биносидаги “Ҳақ-ҳуқуқингизни ҳимоя қиламиз ва тиклаймиз” жумласини кўриб бир қарашда ҳуқуқлари поймол бўлган киши кўнглига таскин берадигандек. Аслида эса адолат излаб борганлар ҳаётида унинг таъсири сезилмайди.
Тағин ҳам Олий суд Адолат қўрғоними ёки бу йиллар ўтиб эскирган сафсатами? Бу саволларга ҳам жавобсиз қолмаслик имкони бор, фақатгина фаолияти танқид остига олинган Олий суддагилар бироз эътибор қаратишса бўлгани. Жавоб ҳам тайёр, изоҳ ҳам.






