Бешариқ туман прокуратураси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашмоқда. Яқинда «Маъмуржон Ғаниев келажаги» хусусий корхонасига амалга оширилган таъмирлаш ишлари бўйича вужудга келган қарздорлик маблағлари ундириб берилди. Бу ҳақда "Даракчи"га Фарғона вилояти Бешариқ тумани прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси хабар берди.
Бу маблағларни ундириш учун тадбиркор кимларга мўлтираб, кимлар билан тортишмади дейсиз... Аммо бир йил тдавомида корхона ишчиларининг меҳнат ҳақи, пешана тери бўлган маблағларни тўлаб бериш пайсалга солиб келинди.
Охири Бешариқ шаҳар, Булоқбоши кўчаси, 21-уйда яшовчи «Маъмуржон Ғаниев келажаги» хусусий корхонаси раҳбари Ж.Ғаниев туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди Бешариқ туман бўлинмаси биносида амалга оширилган таъмирлаш ишлари бўйича вужудга келган қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраган. Тадбиркорнинг бажарилган ишлар бўйича хизмат ҳақларини ундириб бериш ҳақидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида туман прокуратурасининг аралашуви билан «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди Бешариқ туман бўлинмасидан 79.369.000 (етмиш тўққиз миллион уч юз олтмиш тўққиз минг) сўм қарздорлик хусусий корхонаси ҳисобига ундириб берилди.






