АсосийJamiyat

Қашқадарёда ЙПХ ходими пора таклиф этган фуқаронинг устидан шикоят қилди

'Қашқадарёда ЙПХ ходими пора таклиф этган фуқаронинг устидан шикоят қилди'ning rasmi

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати 1-отряди 2-сафарбар гуруҳи катта инспектори, катта сержант Достонжон Эргашов 2019 йил 13 декабрь куни соат 12:00ларда Қарши шаҳар Амир Темур кўчасида хизмат олиб бориш жараёнида «Матиз» русумли, 70 Т457МА давлат рақам белгили автотранспорт воситаси ҳайдовчиси хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб келаётгани сабабли тўхташ ишорасини беради. Ҳайдовчи эса инспекторнинг бу ишорасига амал қилмасдан, ҳаракатини давом эттиради.

Ниҳоят, Қарши давлат университети ёнида тўхтатилганида, ҳайдовчи автомашинани ҳужжатларсиз бошқариб келаётгани аниқланди. Қоидабузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилади.

Ҳайдовчи, Қарши туманида яшовчи фуқаро А.Жабборов 14 декабрь куни ЙПХ катта инспектори, катта сержант Д.Эргашовга учрашиб, автоуловни вақтинчалик жарима майдончасидан олиб чиқишда ёрдам берса, эвазига 500 минг сўм беришини билдиради.

Мазкур ҳолат юзасидан ЙПХ катта инспектори бошқарма раҳбариятига билдирги ёзиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан чора кўришни сўраган. Шу асосда ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси вилоят бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида тадбир ўтказилди.

14 декабрь куни соат 18:40ларда фуқаро А.Жабборов катта сержант Д.Эргашовга Қарши шаҳар Мустақиллик кўчасида 500 минг сўм пулни пора сифатида бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб ёзади "Постда" нашри.

 

    Бошқа янгиликлар