"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ томонидан кўрсатилаётган транспорт хизматини яхшилашда аҳоли мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ташкил этилаётган мавзелар, кенгаяётган маҳалла ва масканлардаги аҳолидан бўлаётган талаб ва таклифлар асосида автобус йўналишлари мувофиқлаштириб борилмоқда.
Хусусан, пойтахтнинг Яшнобод тумани "Олмос" ҳамда "Гўзал" маҳалласи кенгаяётгани, аҳоли сони ортганини инобатга олиб, ҳудуддан ўтувчи автобус хизматини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу масала Жамият мутасаддилари томонидан жойига чиқиб ўрганилди ва у ердаги транспорт қатнови билан боғлиқ йўл инфратузилмаси, аҳоли жойлашуви, яқин ҳудуддан ўтувчи жамоат транспортларининг имкониятлари каби қатор масалалар атрофлича ўрганилди.
Шундан келиб чиқиб, “1-автобус саройи” МЧЖ тасарруфидаги “61А” - Янгиобод мавзеси - Халқаро аэропорт йўналишини ушбу ҳудудга чўзиш билан у ерда яшовчи аҳолини манзилига етказишга қарор қилинди.
Эндиликда йўналиш автобуслари Яшнобод мавзесидан ўтиб, Шоҳсанам,ТХАЙ, Яккатол ҳамда Сокин кўчалари орқали "Олмос" маҳалласигача боради. Автобуслар 13 декабрдан синов тариқасида “Олмос” маҳалласига ҳам хизмат қила бошлайди. Кейинчалик бошқа йўналишларни боғлаш кўриб чиқилади.






