Дунёдаги энг муҳим демократик жараёнлардан бири - бу сайловлардир. Ўтказилаётган ҳар бир сайлов жамият ҳаётининг эртасини белгилаб беришда беқиёс ўрин тутади. Чунки эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат ва ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади. Шу сабабли, мазкур сиёсий жараённи қонун нормалари ва халқаро стандартлар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Халқ депутатлари Чилонзор туман депутатлигига 21-“Хосилот” сайлов округидан кўрсатилган номзод А.Тешабоев Муддатидан олдин овоз бериш тартиби тўғрисида қуйидагиларни маълум қилди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасида: халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозимлиги бу ирода даврий, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгиланган.
Сайловларнинг адолатли ўтиши унда барча сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш борасидаги барча шарт-шароитларнинг яратилганлиги билан баҳоланади. Ўзбекистон миллий қонунчилигида барча сайловчиларнинг ўз сиёсий иродаларини ифода этган ҳолда сайлов жараёнида иштирокини таъминлаш борасида муҳим қоидалар белгиланган.
Хўш, муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи нима дегани? Муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи – бу сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчининг муддатидан олдин ўзи муносиб деб топган номзодида овоз бериш ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқ инсон ҳуқуқларининг асосини ташкил этибгина қолмай, унинг барча билан бир қаторда ўз сиёсий иродасини ифода этишдаги иштирокини таъминлашни англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида сайлов қонунчилиги ҳақида тўхталиб, “Халкаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги, унда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларнинг адолатли бўлишини таъминлайдиган нормаларни акс эттириш зарурлиги”ни алоҳида таъкидлаган эди. Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар асосида сайловларнинг адолатли ўтишини таъминлайдиган кўплаб концептуал қоидалар сингари муддатидан олдин овоз бериш тартиби ҳам янги Сайлов кодексида ўз аксини топди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Мазкур қоидага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 3 декабрдаги
999-сон қарори қабул қилиниб, унга кўра, 2019 йилнинг 12 декабрь куни соат
09-00 дан сайловларга муддатидан олдин овоз бериш жараёнига рухсат берилди. Шунингдек, қарорда муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 18 декабрь куни соат 18-00 га қадар давом этиши белгиланди.
Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 12 декабрь кунидан эътиборан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчилар Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда кўрсатилган номзодларга овоз беришлари мумкин. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари, масалан, таътил, хизмат сафарига кетиш, хорижга чиқиш ва ҳоказо сабабларини кўрсатган аризаси асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади. Cайлов куни участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди.
Мазкур тартибнинг мавжудлиги миллий сайлов тизимимизнинг “Фукаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халкаро Пакт”, 1994 йилги “Эркин ва адолатли сайловлар принциплари тўғрисидаги Париж Декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда назарда тутилган стандартларга мувофиқ эканлигини англатади.
Сайловларда муддатидан олдин овоз бериш тартиби илғор хорижий давлатлар, хусусан, Россия, Финландия, Норвегия, Германия, Франция, Польша, Руминия, Қозоғистон ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд. Хусусан, Россия Федерацияси Сайлов кодексининг 149 ва 1410-моддаларида “Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш тартиби” ва Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш тўғрисидаги аризани топшириш тартиби” алоҳида кўрсатилган. Хусусан, унга кўра, муддатидан олдин овоз беришга Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан сайловга камида тўққиз кун қолганида бошланиб, сайловга бир кун қолганда тугалланади.
Шунингдек, Польша Республикаси Сайлов кодексининг 28-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга камида 5 кун қолганида бошланиб, 1 кун қолганида тугалланади, Германия Федератив Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 ҳафта қолганида бошланиб, сайловчилар “кўк конверт” юбориш услубида ўтказилади. Бундан ташқари, муддатидан олдин овоз бериш жараёни Австралияда сайловга 15 кун қолганида бошланиб, сайловга 2 кун қолганида тугалланади; Финландияда сайловга 18 кун қолганида бошланиб, сайловга 3 кун қолганида тугалланади.
Кўриб турибмизки, муддатидан олдин овоз бериш тартиби дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд бўлиб, сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ҳозирда мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён арафасида турибди. Сайловларга ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Умид қиламизки, яқинлашиб келаётган янги сайловлар юртимиз тараққиёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини янада оширишга, шунингдек халқимиз истаган кучли вакиллик органининг шаклланишига хизмат қилади.






