11 декабрь куни Нукус шаҳрида ҳам Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд.
Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 7,5 минг нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 8 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 23 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.
Мактаб замонавий услубда, жаҳон стандартларига мувофиқ тарзда юксак дид билан қурилган. Илм маскани марказида каттагина кутубхона бор. Ушбу кутубхона келажак авлоднинг пухта билим олишида асқотадиган тарзда китоб фондига эга бўлиши табиий.Президент мактабларида ўқув жараёни "STEAM – таълим”дастури (Science – табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади, бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб "STEAM”методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.
Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Шунингдек, Президент мактаби интернат сифатида фаолият кўрсатади. Ўқувчилар ҳафтанинг 5 кунида мактаб ҳудудида ҳам ўқиб, ҳам яшайди. Дам олиш кунлари эса ота-онаси бағрида бўлади. Мазкур даргоҳнинг бошқа мактаблардан яна бир устун томони шундаки, таълим олаётган ўқувчилар мактаб формаси, ўқув қуроллари, озиқ-овқат билан тўлиқ бепул таъминланади.
Аввалроқ Президент мактаби Хоразм вилояти ҳамда Наманганда фаолият бошлагани ҳақида хабар бергандик.






