АсосийJamiyat

Хитойнинг икки шаҳридан мунтазам рейслар йўлга қўйилиши кутилмоқда

'Хитойнинг икки шаҳридан мунтазам рейслар йўлга қўйилиши кутилмоқда'ning rasmi

11 декабрь куни Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ва B2B учрашувлар ўтказилди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги делегация, шунингдек Хитойнинг LoongAir авиакомпанияси президенти Лю И ҳамда туристик бизнес вакиллари иштирок этишди.

“Жаноб Лю И бошчилигидаги LoongAir авиакомпаниясига икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Биз йўлга қўйган ҳамкорлик алоқалари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда туризмни ривожлантириш ва авиация бозорини либераллаштириш бўйича олиб бораётган сиёсатига тўлиқ мувофиқ келади. 2020 йилнинг 1 январидан Хитой Халқ Республикаси фуқаролари учун визасиз режим эълон қилинди. Бу бизга янги рейсларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш учун хизмат қилади. Очилиш маросимидан сўнг икки давлат туроператорлари B2B учрашувлар ўтказишади ҳамда бундан кейинги режаларни белгилаб олишади. Биз бир томонлама эмас, икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб, нафақат Ўзбекистонга, балки Хитойга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини оширишга ҳам ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон сайёҳлар учун доим очиқ”, - деди Абдулазиз Аққулов тадбирни очиб берар экан.

LoongAir компанияси президенти Лю И, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти юқори эканини таъкидлаган ҳолда, тез орада ХХРнинг Чэнду ва Хэнчжоу шаҳарларидан Ўзбекистонга мунтазам рейсларни йўлга қўйишни режалаштираётгани қайд этди.

“2020 йилнинг 1 январидан Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича визасиз режим йўлга қўйилишини инобатга оладиган бўлсак, келгусида Хитойнинг Чэнду ва Хэнчжоу шаҳарларидан мунтазам рейсларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади”, - дея изоҳ берди у.

Шундан сўнг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маркетинг бошқармасининг Европа мамлакатлари бўйича бўлим бошлиғи Азиз Миржалилов Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига доир тақдимотини ўтказди. Унда сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилган қатор ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар, юртимиз туризми бўйича хитойлик сайёҳларни қизиқтириши мумкин бўлган маълумотлар, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни, шунингдек туризм статистикаси билан бўлишилди. 2020 йилдан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги рейслар 9 тадан 15 тага етказилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, тақдимот давомида Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Буюк Ипак йўлининг улуғ алломалари Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий ва Абу Али ибн Сино ҳақидаги маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбек миллий қўшиқлари ва жозибадор рақси эса тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шундан кейин Ўзбекистондан ташриф буюрган туристик ташкилотлар ҳамда Сиань шаҳри туристик бизнес вакиллари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилиб, икки давлат ўртасидаги туристик оқимни оширишга йўналтирилган ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олишди.

    Бошқа янгиликлар