Анча вақт қўнимсизликдан қийналган С.Рўзиеванинг муаммоси бир неча кун аввал ижобий ечим топди. Яшаш учун жойи бўлмаган фуқаро ўтган ҳафта ёрдам сўраб Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев қабулига келганди.
Маълум бўлишича, С.Рўзиева 3 нафар вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялайди. Турмуш ўртоғи эса вафот этган. Ижарада яшаб юриш ҳам бу оилага жуда оғирлик қилиб қолган. Зўрға кун ўтказаётган оиланинг топгани рўзғордан ортмаган. Уй-жой қилишга қурби умуман етмайди. Боз устига, кўмак бероладиган яқин қариндоши ҳам йўқ.
Мурожаат асосли деб топилиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатиш чораси кўрилди.
С.Рўзиева фарзандлари билан биргаликда давлат ҳисобида турган, барча шароити бўлган хонадонлардан бирига жойлаштирилди.
Эслатиш жоиз, ҳозирги вақтда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар бир аҳоли мурожаатини имкон қадар қаноатлантириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.






