АсосийJamiyat

15-17 ёшли ўсмирлар учун АҚШнинг TechWomen дастурига аризалар қабул қилинмоқда

'15-17 ёшли  ўсмирлар учун АҚШнинг TechWomen дастурига аризалар қабул қилинмоқда'ning rasmi

Пойтахтдаги “Китоб олами” биносида АҚШнинг TechWomen дастури мутахассиси Эйлин Брюэр билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Эйлин Брюэр Силикон водийсида технологик компанияларда 20 йиллик тажрибага эга мутахассис бўлиб, 2011 йилдан буён TechWomen дастурининг профессионал мураббийи вазифасини ҳам ўтаб келмоқда. Эйлин Брюэр  дунё бўйлаб ўтказадиган семинарларида хотин-қизларни технология соҳасига қизиқтиришга уларни ушбу соҳада фаолият юритишлари учун дастурларга жалб қилиш билан шуғулланади.

Тошкентдаги ташрифи чоғида Брюэр хоним технология соҳасига қизиққан ёшлар билан учрашиб, уларга TechGirls дастури ҳақида сўзлаб берди. 

  • Ушбу дастур Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида яшовчи қизларни илм-фан ва технологиялар соҳасида иш юритишга рағбатлантириш ва илҳомлантиришга қаратилган халқаро ёзги алмашинув дастуридир.

Дастурнинг асосий қисмида АҚШда тўрт ҳафта давомида тажриба орттирилади. Дастур иштирокчилари интерактив технология ва ихтисослашган лагерда кодлаш ва кибер хавфсизлик каби технологияга оид мавзуларни чуқур ўзлаштиришади ва 45 соатдан ортиқ амалий машғулотларда иштирок этишади.

Ушбу лагерларда қизлар технологик компаниялар ва етакчи клиникаларга ташриф буюришади, жамоат хизматарини кўрсатиш ишларида ва маданий тадбирларда иштирок этишади. Дастур тугаллангач, қатнашчилар ўз юртларига қайтиб, мактаб ёки жамоа ичида камида битта тренинг-дастур ёки хизмат кўрсатиш билн боғлиқ лойиҳани амалга оширадилар. TechGirls дастури малака ошириш семинарларида қатнашиш ва АҚШнинг энг яхши инновацион технология мутахассислари билан тажриба алмашиш билан бир қаторда Виржиния технологик лагерида иштирок этиш имконини ҳам беради. Шунингдек, TechGirls дастури бой маданий тажриба имкониятини тақдим этиб, иштирокчиларни технологи соҳаси бўйича олий маълумот олишга илҳомлантиради ва ушбу соҳада ишлаш қобилиятини оширади, – дейди Брюэр хоним.

Давра суҳбати давомида ушбу дастур бўйича АҚШда малака ошириб келган ўзбекистонлик қизлар ҳам сўзга чиқишди ва ўз таассуротларини сўзлаб беришди. 

Севара Акрамхонова : – Ушбу дастур бўйича 2019 йилда АҚШда бир ой давомида бўлдим ва кибер хавфсизликни дастурлаш бўйича ўқидим. Дастур менга жуда ёқди, ўзимга бўлган ишонч ошди, қайтиб келганимдан кейин ўз лойиҳамни ишлаб чиқдим. Мақсадим, қизларни информацион технологилар соҳасига қизиқтириш. Дастурлаш ва кибер хавфсизлик асосларини ўргатадиган ушбу лойиҳам қизларга бағишланган бўлиб, кейинчалик лойиҳа кенгайгач, унга ўғил болаларни ҳам жалб қилиш ниятимиз бор. 

Дастурга саралаш жараёни қандай кечади?

TechGirls дастури АҚШ Давлат департаменти қошидаги Таълим ва маданият масалалари бюросининг ташаббуси бўлиб, дастур иштирокчисига айланиш учун топширилган ҳужжатларни саноат соҳасининг етакчилари ва минтақавий экспертлардан иборат мустақил қўмиталар кўриб чиқади. Биринчи босқичдан ўтганлар суҳбатга чақирилади.

Аризаларни топшириш 2019 йил 15 ноябрь кунидан бошлаб юборилган, аризалар 2020 йилнинг 15 январь кунига қадар қабул қилинади.

Кимлар иштирок эта олади?

Алмашинув дастури бошланишида 15-17 ёш бўлганлар (2020 йилнинг 1 июнь куни сиз 15 ёшдан кичик ёки 17 ёшдан катта бўлсангиз дастурда иштирок эта олмайсиз), технология, инжиниринг (муҳандислик) ва/ёки математика соҳаларида илғор тажриба ёки қизиқишга эга бўлганлар дастурда бемалол иштирок этишлари мумкин.

Иштирокчилар аниқ фанлар ёки технология соҳасида олий маълумот олиш ёки меҳнат қилишни исташлари ҳамда инглиз тилини пухта ўзлаштирган бўлишлари лозим.

Аризалар legacyintl.org/techgirls сайти орқали қабул қилинади. Дастур иштирокчилари ватанга қайтиб келгач, ўрта мактабда битта қўшимча семестр ўқиши ва жамоада битта фойдали лойиҳани амалга оширишлари лозим бўлади.

    Бошқа янгиликлар