Айни пайтда давом этаётган Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда бажарилган ишлар бўйича Ҳукумат ҳисоботи тингланди. Маърузани Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўқиб эшиттирди.
— Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Сенат мунтазам равишда Монополияга қарши курашиш Қумитасининг ахборотини эшитиш амалиётини жорий қилиши мақсадга мувофиқ, - деди Сафоев. — Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартиришдир. Замон иқтисодиётда хукумат улуши катта бўлган тизимнинг рақобатбардош эмаслигини кўрсатди. Шу боис, маъмурий бошқарув ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кўрсаткичи ва унинг асосий йўналиши – хусусийлаштириш ва монополияга барҳам беришдир.
Сенатор бу соҳада охирги уч йил мобайнида катта ўзгаришлар рўй берганини, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 86 та лицензияланадиган фаолият тури ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинганини, натижада, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони 25 фоизга кўпайганини қайд этди.
— Кўп тармоқларда рақобат ортди: шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришда. Аввал юқори даражада монополиялашган қурилиш материаллари, кабель маҳсулоти ва пул ўтказиш ҳизмати каби соҳада якка хукумронликга барҳам берилди. Умуман, мамлакатда монопол корхоналар сони икки баробар қисқарди, - деди Сафоев.






