АсосийJamiyat

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Қонуннинг 5 муҳим жиҳати

'“2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Қонуннинг 5 муҳим жиҳати'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг 30 ноябрь куни чақирилган 24-ялпи мажлисида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети  тўғрисида”ги қонун маъқулланди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров ушбу Қонун ҳақида маъруза қилди.

Қайд этилишича, Давлат бюджети лойиҳаси Халқаро валюта жамғармаси ҳамда бошқа халқаро молиявий институтлар томонидан тақдим этилган экспертлар билан биргаликда жаҳон стандартларига мос равишда ишлаб чиқилган қонун шаклида тақдим этилди. Бундан кўзланаётган асосий мақсад:

  • Бюджетни қабул қилиш ва ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш;
  • бюджет интизомини мустаҳкамлаш;
  • бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш;
  • бюджет ижроси жараёнининг иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдир.

 

Ушбу қонуннинг 5 муҳим жиҳатига тўхталамиз:

1.2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетлар ўзларининг харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантиради. Бунда иш ҳақи, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатлари режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантириш лозим бўлади. Бу билан маҳаллий хокимлик органлари ўз бюджетларини шакллантириш бўйича мустақил бўлади ва келгусида ўз вақтида тўланиши бўйича мажбуриятларини ҳам оширади.

2. Давлат бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Қонун билан бюджетдан маблағ олувчи идораларнинг ваколатлари ва масъулияти оширилади, шунингдек, улар фаолиятининг самарадорлиги юзасидан Парламент назоратини кучайтирилади. Мисол учун, Халқ таълими вазирлигига 18,6 трлн. сўм, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига эса 3,3 трлн. сўм Республика бюджетидан маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. 

3. 2020 йилда ташқи қарз миқдори чекланади. Узоқ муддатда бюджет барқарорлигини сақлаш мақсадида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган миқдори 4 млрд. АҚШ доллари, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланди.

4. 2020 йил учун Давлат бюджетининг жами харажатлари 131,1 трлн. сўм миқдорида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети харажатларини соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий соҳа харажатлари 66 трлн. сўмни ташкил этмоқда.Келгуси йилда таълим соҳасига 30 трлн., Олий таълим муассасалари фаолиятини молиялаштиришга 2,3 трлн., соғлиқни сақлаш соҳасига 14,8 трлн., маданият соҳаси харажатлари 1,4 трлн., спорт тадбирларини ўтказиш учун 0,9 трлн., ободонлаштириш ишларига 2 070,9 млрд., Оролбўйи минтақасини ривожлантиришга 303,4 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 

Келгуси йил Давлат бюджетида мамлакат хавфсизлиги, чегаралар даҳлсизлиги ва давлатимиз мудофаа қобилиятини таъминлаш, Давлат хокимияти ва бошқарув органлари, суд ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳам тўлиқ равишда ўзининг ифодасини топган.

5. Бюджет жараёнининг шаффофлиги оширилади. Қонунда бюджет жараёнининг барча иштирокчиларига бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофликни ва очиқликни  таъминлаш талаби қўйилмоқда. Молия вазирлиги томонидан бу борада “Очиқ бюджет” портали юритилмоқда, “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри чоп этилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарларнинг даромадларнинг прогноздан ортган қисмининг 10 фоизи аҳоли томонидан овоз бериш орқали ишлатилмоқда.

    Бошқа янгиликлар