Шу йилнинг 24 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашган ва унда давлат раҳбари фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилган эди.
Бу таклиф жорий йилнинг 1 сентябридан амалга оширилиши керак эди. Аммо бундай бўлмади. Нега? Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида айни шу масала ўртага ташланди.
Тимур Султонов, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи:
— Фан номзоди, фан докторлари маошига устамалар белгилаш бўйича қарор қабул қилинган. Устамаларни тўлаш тартиби (Низоми) ҳам ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Дарҳақиқат, 2019 йил 1 сентябрдан устамалар қўшилиши керак эди. Аммо устамаларни белгилашда фақат илмий даражаси борлигига эмас, балки унинг ўз устида ишлаши, лойиқ бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланганди. Шу боис ишлаб чиқилган Низом қайта кўрилмоқда ва мезонлар ишлаб чиқилмоқда. Яқин кунларда тасдиқланиши кутилмоқда.
Сенаторлар берган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингта фан номзоди, 2,5 мингта фан докторлари бор. Уларнинг ўртача ёши 52-54 ёш. Шу нуқтаи назардан илм йўлида изланаётган олимларни рағбатлантиришни кечиктириб бўлмаслиги, сенаторлар бу масалани қатъий назоратга олиши кераклиги таъкидланди.






