Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 24-ялпи мажлиси олдидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари мажлислари бўлиб ўтди. Унда ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Давлат бюджети илк бор қонун билан мустаҳкамланаётгани, мазкур ҳужжат аҳоли турмуш сифатини янада яхшилаши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни борасида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонун Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатлари, солиқ ва йиғимлар ставкаларини тасдиқлаш, мазкур Қонунни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган.
Бундан ташқари, Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш, 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг даромадларини тақсимлаш, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тартиби, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари тартибга солиниши қайд этилган.
— 2020 йилга мўлжалланган бюджетнинг муҳим масалаларидан бири, бюджетни қабул қилиш ва унинг ижросида Парламент назоратини кучайтиришдир, - дейди молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов. — Бундан ташқари, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, маблағлардан оқилона фойдаланиш ва ижрочининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалалари ҳам бор. Маълумки, ҳисоботларда ноқонуний харажатлар, камомадлар, ўғирликлар каби масалалар юзага чиқади. Бу нарсаларнинг олдини олиш, бюджет маблағларига эга бўлган ҳудудларга ваколат, мустақиллик берилиши билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш ҳам қонунда белгилаб қўйилган.
Маълум қилинишича, мамлакат бюджетининг шаклланиши ва ижросининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Openbudget” информацион портали яратилди.
Эслатиб ўтамиз, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 30 ноябрь куни чақириладиган Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида батафсил муҳокама қилинади.






