Эртага – 29 ноябрь куни Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар пойтахтидаги ички ишлар органлари ва полиция раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.
Ушбу ташаббус Пўлат Бобожонов раислигида Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги томонидан МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши доирасида билдирилган. Уни МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларида уюшган жиноятчилик ва жиноятларнинг бошқа хавфли турлари билан курашишни мувофиқлаштириш бюроси тасдиқлаган.
Ташаббус мақсадлари Тошкент ИИББнинг МДҲга аъзо давлатларнинг пойтахтлардаги ички ишлар органлари ва полиция бўлимлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.
МДҲ пойтахтлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жипслашган саъй-ҳаракатлари терроризм ва экстремизм, гиёҳванд ва психотроп воситаларининг ноқонуний айланмаси, ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамда шахсга қарши жиноятларни олдини олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини биргаликда ўтказишга имкон беради.
Йиғилиш сўнгида икки томонлама ҳужжатлар ва ўзаро англашув меморандуми имзоланиши кутилмоқда.






